Ижтимоий шериклик — фаолият мезони
  • 30 Май 2015

Ижтимоий шериклик — фаолият мезони

Жамият барча саъй-ҳаракатини халқ манфаати йўлида бирлаштириш мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар самарадорлигини юксалтиришнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ижтимоий аҳамиятга молик давлат дастурларини рўёбга чиқаришда фаол иштирок этмоқда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошираяпти.

Фуқаролар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилаётир. Таъкидлаш жоизки, республикамизда фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, жамоат ташкилотларини давлат ва жамият ишларини бошқаришга жалб қилишнинг мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асоси яратилган. Чунончи, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишдаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш механизмини мустаҳкамлади. Бугун фуқаролик жамияти ва давлат тузилмалари амалий мулоқотининг ҳуқуқий кафолати бўлган ҳамкорликнинг яхлит тизими яратилди.
Қонуннинг муҳим жиҳатларидан бири давлат органлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари қўллаб-қувватлаши талаб қилинадиган фаолиятнинг устувор йўналишларини белгилаш вазифаси жорий қилинганидир. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг давлат органлари қарорларини ишлаб чиқишда, қонун лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда муҳокама қилишда, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда иштирок этиш ҳуқуқи мустаҳкамланган.  
Янги тартибга мувофиқ, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳузурида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга ҳар томонлама кўмаклашувчи ижтимоий шериклик бўйича жамоатчилик комиссиялари ташкил этилади.  Бу, бир томондан, муайян ҳудудларнинг янада ривожланишини, фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йўлида ҳокимият вакиллик органларининг роли ва масъулиятини кучайтирса, бошқа томондан, жамоат ташкилотлари салоҳиятини устувор вазифаларни амалга оширишга йўналтириш имконини беради.
Айтиш керакки, айни пайтда “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун ижросини таъминлаш, унда белгиланган қоидаларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка ва давлат органларининг мансабдор шахсларига етказиш  долзарб вазифа ҳисобланади.
Шу мақсадда юртимизнинг барча ҳудудида Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти мутахассислари томонидан “Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини амалга оширишда ННТ ва давлат органларининг ижтимоий шериклиги” мавзуида давра суҳбатлари ўтказилди. Мазкур тадбирларда Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоатчилик фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакиллари, парламент аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирок этди.
Тадбирларда “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонунда белгиланган қоидалар атрофлича тушунтирилди. Давлат дастурларини рўёбга чиқаришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштирокига оид масалалар кўриб чиқилди. Ҳудудлардаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат органларининг ижтимоий шериклик, жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги тажрибалари ўрганилди.
Шунингдек, қатнашчилар 2015 йилда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш шакллари, механизмлари ва устувор йўналишлари ҳақида атрофлича хабардор қилинди. Хусусан, жорий йилда Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоатчилик фонди томонидан давлат грантларини олиш бўйича бешта танлов ташкил этилади.
— Мазкур Қонун долзарб масалаларга ечим топишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштирокини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга, — дейди Навоий шаҳридаги “Имконият” ННТ раҳбари К. Бобоқулова. — Ушбу ҳужжатда давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ижтимоий аҳамиятга молик давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда ҳамкорлигининг аниқ механизмлари кўзда тутилган. Ҳозирги пайтда “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси, ёлғиз қариялар, пенсионерлар ва ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришнинг 2015 — 2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастури ишлаб чиқилмоқда. Ушбу ҳужжат лойиҳалари ЎзННТМАнинг жойлардаги ресурс марказларига жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш учун тақдим қилинган. Бугун биз уларни ўрганаяпмиз, таклиф этилаётган қоидаларни муҳокама қилаяпмиз, қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан ўз таклифларимизни ишлаб чиқаяпмиз. Бу ижтимоий шерикликнинг ёрқин ифодасидир. Қонун устида ишлашга бундай ёндашилаётгани келгусида ижтимоий хизмат кўрсатишда аҳоли барча қатламлари эҳтиёжларини кафолатлайди.
— Биз Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, хотин-қизлар қўмитаси, Нукус шаҳар ҳокимлиги, меҳнат ва ижтимоий муҳофаза, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт муассасалари билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатганмиз, — дейди Ўзбекистон оилалар ва болаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси Қорақалпоғистон бўлими раҳбари Ш. Асанова. — Давлат тузилмалари билан ижтимоий шериклик ўзининг қатор афзалликларини кўрсатмоқда. Хусусан, тиббиёт муассасалари мутахассислари билан биргаликда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи, ёшлар тарбиясида оиладаги маънавий-ахлоқий муҳитнинг аҳамияти ҳақида суҳбатлар ўтказамиз. Бундай тадбирлар, иштирокчилар фикрича, оилани мустаҳкамлашга, ҳаётий қарашларини ўзгартиришга ёрдам бермоқда, кўплаб маиший масалалар ечимини топишда қўл келаяпти. Давлат органлари билан келишувга асосланган ижтимоий шериклик туфайли қатор лойиҳаларимиз муваффақиятли амалга оширилаётир. Ҳозир Нукус шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда ўғил-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш ва уларга қувонч бахш этиш мақсадида болалар спорт майдончасини очишга тайёргарлик кўраяпмиз.
— Табиат муҳофазасига бағишланган тадбирларда жамоат ташкилотлари ва фуқароларнинг иштироки биз учун муҳимдир, — дейди Андижон вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси бионазорат инспекцияси бошлиғи Х. Мақсумов. — Зеро, атроф-муҳитни саноат, техноген, маиший чиқиндилар билан ифлосланишдан асрашда давлат хизматлари ва жамоатчилик саъй-ҳаракатларини бирлаштирсаккина, олиб бораётган чора-тадбирларимиз янада самарали бўлишига эришишимиз мумкин. Биз вилоятимиздаги экология йўналишида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ижтимоий шерикликни йўлга қўйганмиз. Нодавлат нотижорат ташкилотлари билан Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоатчилик фонди кўмагида амалга оширилаётган лойиҳаларда ҳамкорлик қилмоқдамиз.
— Нодавлат нотижорат ташкилотлари муайян гуруҳларнинг эҳтиёжларидан, орзу-умидларидан бохабар бўлиб,  улар ҳаётини янада яхшилашга интиладилар, — дейди  Жиззах вилоятидаги “Қалб нури” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Н. Алимова. — Шубҳасиз, биз бунёдкорлик, яратувчанлик ишларига ўз ҳиссамизни қўшишни истаймиз. Банклар, солиқ хизмати, савдо-саноат палатаси билан имзоланган меморандум ва келишувлар асосида хотин-қизларга бизнес юритиш кўникмаларини ўргатаяпмиз. Ҳозиргача қарийб уч минг нафар хотин-қизни жалб қилган ҳолда, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича семинарлар ўтказдик. Шунингдек, “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлашда фаол иштирок этдик. Кексаларни эъзозлаш йилида ёши улуғ инсонларнинг ижтимоий ҳимоясига қаратилган қатор лойиҳаларни давлат тузилмалари билан ижтимоий шерикликда амалга оширишни мўлжаллаяпмиз.
— Яқинда давлат органлари билан ижтимоий шерикликда Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоатчилик фонди томонидан молиялаштирилган “Вақт сен учун” лойиҳасини якунига етказдик, — дейди Сурхондарё вилояти карлар жамияти раиси К. Мўминова. — Ушбу лойиҳа доирасида эшитиш қобилияти паст болаларнинг ота-оналарига ҳар томонлама кўмаклашилди. Уларнинг қизиқишидан келиб чиқиб, турли тўгараклар ташкил қилинди, болалар компьютер билан ишлаш кўникмасига эга бўлди, соғлом турмуш тарзи ҳақида тушунчаларини бойитди. Лойиҳа иштирокчиларига ўқув жиҳозлари совға қилинди. Лойиҳа тугалланган бўлса-да, бу йўналишдаги ишларимизни давом эттирамиз.
— Бугун ижтимоий шериклик институти ривожланиб бораётгани туфайли ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари қонун лойиҳаларини, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига оид муҳим дастурларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этмоқда, ушбу дастурларнинг амалга оширилишига бевосита ҳисса қўшаяпти, уларнинг жойлардаги ижроси устидан жамоатчилик назоратини олиб бормоқда, давлат ва жамият ўртасида асосий ижтимоий масалаларни ҳал этишда ўзига хос кўприк вазифасини ўтамоқда, — дейди Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти лойиҳа раҳбари Г. Ҳотамова. — Жумладан, 2014 йилда тегишли нодавлат нотижорат ташкилотларининг бир ярим минг нафар вакили “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунлар лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамаси ва экспертизасида қатнашди. “Соғлом бола йили” ҳудудий дастурларини рўёбга чиқаришда 370 дан зиёд ННТ фаол жалб қилинди, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижросини таъминлашда эса уларнинг сони янада ортган. Жамоатчилик ташкилотлари етакчилари ва фаоллари қирқдан ортиқ республика идоралараро комиссиялар, кенгашлар ва ишчи гуруҳларининг фаол аъзолари ҳисобланади.
— Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши билан фуқаролик жамияти тобора равнақ топиши учун янада қулай  муҳит юзага келди, — дейди Андижон шаҳридаги “Ҳамроҳ” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Н. Мадазимова. — Пировардида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳуқуқлари сезиларли даражада кенгайди, давлат органларининг жамият олдидаги масъулияти ортди. Рўйхатдан ўтиш тартибларининг соддалаштирилиши, ҳисобот ва бошқа мажбуриятларнинг камайтирилиши каби қўшимча имтиёз ва имкониятлар давлат ва жамият ишларини бошқаришда нодавлат сектор иштирокини янада фаоллаштиришда муҳим омил бўлмоқда.

Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn