Жонажон Ўзбекистонимиз бахти
  • 30 Май 2015

Жонажон Ўзбекистонимиз бахти

Болажон халқмиз. Шу боис фарзандимизни бошимизга кўтарамиз, меҳримизни бағишлаймиз, топган-тутганимизни нуридийдамизга илинамиз. Бундан мақсад, улар ҳеч кимдан кам бўлмасин, ўйнаб-кулиб ўссин. Фахрланиб айтамизки, бугун она-Ватанимиз бағрида камол топаётган болаларнинг бахту иқболи, ёруғ келажаги учун барча имконият мавжуд.

Чунончи, мустақил юртимизнинг биринчи ордени “Соғлом авлод учун” деб аталгани ҳам соғлом авлодни вояга етказиш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланганининг яққол тасдиғидир.
Худди шунингдек, Конституциямиз, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун асосида ўғил-қизларимизнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари таъминланаяпти. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар уларнинг таълим-тарбия олиши, ўз иқтидори ҳамда қобилиятларига мос касб-ҳунар танлашларида муҳим омил бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясини истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ ратификация қилганлиги ҳам навқирон авлод тақдири нечоғли эътиборда эканлигини кўрсатади.
Буларнинг барчаси фарзандларимизнинг соғлом ва етук бўлиб камол топишига қаратилган. Президентимиз ташаббуси билан 2011 йилнинг 25-26 ноябрь кунлари пойтахтимизда “Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишнинг миллий модели: “Соғлом она — соғлом бола” мавзуидаги халқаро симпозиумнинг ўтказилгани бу борадаги ислоҳотларнинг жаҳоний эътирофи бўлди.
Бинобарин, ўсиб келаётган ёш авлодга эътибор, бу — келажакка эътибор. Шу боис болалар саломатлиги муҳофазасини тубдан яхшилаш долзарб масала. Амалга оширилаётган “Соғлом она — соғлом бола” дастури эса умуммиллий ҳаракатга айланган. Айни пайтда мазкур дастур асосида ҳудудларда замонавий тиббиёт муассасалари тармоғи, шу жумладан, республика ихтисослаштирилган педиатрия, акушерлик ва гинекология илмий-амалий марказлари, перинатал ва скрининг марказлари, туғуруқхона мажмуалари, ҳудудий кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар бир йилга алоҳида ном берилиб, ана шу асосда Давлат дастурлари ишлаб чиқилиши эзгу анъанага айланган. Ўтган йилларга назар ташласак, қарийб барча йил, хусусан, “Оила йили”,  “Соғлом авлод йили”, “Оналар ва болалар йили”, “Сиҳат-саломатлик йили”, “Ҳомийлар ва шифокорлар йили”, “Ижтимоий ҳимоя йили”, “Ёшлар йили”, “Баркамол авлод йили” “Мустаҳкам оила йили”, “Соғлом бола йили” каби номлар замирида ҳам фарзандлар тақдири юксак мақомда эканлигини, уларнинг камолоти учун нафақат оила, балки бутун жамият дахлдорлигини кўриш мумкин.
Буюк келажагини қуришга бел боғлаган халқ, аввало, фарзандларининг маънан ва жисмонан соғлом бўлиб ўсишига катта эътибор қаратади. Шу маънода, Юртбошимиз ғамхўрлиги туфайли республикамизда таълим тизими тубдан ислоҳ қилинди. “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлаш тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури ва бошқа тегишли ҳужжатларга асосан, ўтган қисқа фурсат ичида мамлакатимиздаги мавжуд 9698 та умумтаълим мактабининг қарийб барчаси замонавий қиёфага келтирилди. Улар энг сўнгги ўқув-лаборатория жиҳозлари, ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда бошқа зарур воситалар билан тўлиқ таъминланди. Илмга чанқоқ ўғил-қизларимиз ана шу каби кенг имкониятлардан самарали фойдаланиб, фан, санъат ва спортда ҳеч кимдан кам эмасликларини жаҳон узра намойиш этишмоқда. Жумладан, 2014 йилда минглаб ўғил-қизларимиз мамлакатимиз ва халқаро миқёсда ўтказилган кўрик-танловлар, ижодий беллашувларда муваффақиятли қатнашгани фикримиз далилидир.
Президентимизнинг 2008 йил
8 июлдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009 — 2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилингач, юртимизда юзлаб муҳташам санъат кошоналари бунёд этилди ва ёшлар ихтиёрига топширилди. Уларда навқирон авлод вакиллари миллий ҳамда жаҳон санъати намуналарини чуқур эгаллаб боришаяпти. Зеро, санъатни севган, ундан роҳатланган одам ҳамиша эзгуликни ўйлаб яшайди. Шу маънода, фарзандларимиз санъатга ошно тутинганликлари ҳар жиҳатдан халқимиз кўзлаган мақсадларга хизмат қилади. Биргина шу йилнинг ўзида болалар мусиқа ва санъат мактабларида таҳсил олаётган ўнлаб ёшларимизнинг халқаро кўрик-танловларда қатнашиб, юксак марраларни қўлга киритгани, табиийки, ҳаммамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Ана шундай истеъдодли ёшлардан бири Фарангиз Жўраевадир. У Фарғона шаҳридаги 4-болалар мусиқа ва санъат мактабида таҳсил олади. Ўтган йиллар мобайнида Фарангиз Бокуда ўтказилган 2-халқаро мусиқа танлови ҳамда Париж шаҳрида уюштирилган Глазунов номидаги 8-халқаро мусиқачилар танловида муваффақиятли иштирок этган. Яқинда Испаниянинг Коста-Браво шаҳрида ташкил қилинган халқаро мусиқа фестивалида биринчи ўринга сазовор бўлди.
— Бу каби нуфузли танловларда қатнашиб, она-Ватанимизни улуғлаш биз, ёшлар учун улкан шарафдир, — дейди Фарангиз. — Хорижда бундай эътироф этилишимиз юртимизда ёш истеъдодларга кўрсатилаётган ғамхўрлик натижаси, деб биламан. Юксак ишончни оқлаш эса ҳар биримизнинг вазифамиз ва бурчимиздир.
Юртбошимизнинг ғояси асосида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, шаҳарлар, қолаверса, мамлакатимизнинг чекка қишлоқларида ҳам замонавий спорт мажмуалари, стадионлар, соғломлаштириш марказлари қурилиб, фойдаланишга топширилаётгани, фарзандларимизнинг жисмонан ҳамда маънан етук бўлиб вояга етишларида муҳим пойдевор бўлаяпти. Бугун республикамизнинг энг чекка ҳудудларидан ҳам Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионлари етишиб чиқмоқда ва бу ҳаётимиздаги одатий ҳодисага айланиб қолаётгани ҳеч кимга сир эмас. Албатта, фарзандларимиз улуғ аждодларимизга муносиб бўлиб камолга етаётганидан беҳад қувонамиз. Беихтиёр давлатимиз раҳбарининг: “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт!” деган эзгу истаги ёдга тушади. Чиндан ҳам, бугун ёшларимизнинг ақлу заковати ҳамда азму шижоатига бутун дунё тан бераяпти. Хорижликларнинг юртимиздаги ислоҳотлар жараёнини яқиндан ўрганиши, тажрибамизни эътироф этаётгани ана шундан далолат беради.
Хулоса ўрнида айтганда, мамлакатимизда фарзандлар камолотига юксак эътибор қаратилмоқда. Зеро, ҳар жиҳатдан соғлом авлод халқимизнинг, жонажон Ўзбекистонимизнинг бахтидир.

Дилмурод СОДИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn