Меҳр маскани
  • 30 Май 2015

Меҳр маскани

— Онажон, хушхабар! Биз танловда ғолиб бўлдик!

Меҳрибонлик уйи раҳбари ўзига пешвоз чиққан, қувончдан тўлиб-тошиб турган Артур, Ҳасанбой, Шаҳзодбекни бағрига босди.
— Баракалла, болаларим! Айтгандим-ку, астойдил ҳаракат қилсангиз, интилсангиз, ҳеч кимдан кам бўлмайсизлар.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан ташкил этилган “Камалак жилолари” ёш рассомлар танловида совриндор бўлган фарзандларини қутлар экан, Хива шаҳридаги 20-Меҳрибонлик уйи раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони Вера Пак болажонлардан ҳам кўпроқ қувонди. Куни кеча спортчи қиз Севаранинг халқаро мусобақада совриндор бўлганини эшитиб, кўнгли тоғдек кўтарилган эди, бугун эса буларнинг ютуғидан боши осмонга етди.
Бу болажонлар Меҳрибонлик уйига илк қадам қўйганида дили ўксик, ғамгин бир қиёфада эди. Бугун эса у кўринишдан асар ҳам йўқ, барчалари шод, қувноқ. Шуларни ўйлаб, опанинг кўнгли тўлди.
Мазкур масканда бугунги кунда 116 нафар ўғил-қиз тарбияланмоқда. Уларнинг бекаму кўст, шод-хуррам яшаши, айниқса, ўз истеъдоди ва қобилиятини намоён этиши учун бу ерда ҳамма шарт-шароит, имконият муҳайё қилинган.
Умида Авазимбетова раҳбарлигида фаолият кўрсатаётган “Шодлик” рақс ансамбли қатнашчилари туман, вилоят миқёсида ўтаётган турли тадбирларда ўз санъатларини намойиш этишмоқда. Шунингдек, болажонлар рассомлик, тикувчилик ва спорт тўгаракларига ҳам қизиқиш билан қатнашади.
Собиқ тарбияланувчилар эса бугун турли касбларни эгаллаб, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшишаётир. Жумладан, уларнинг 12 нафари бугун ҳарбий хизматчи — Ватан ҳимоячиси. Майор Бобомурод Ўрозов, капитан Азамат Бакиев, Қудрат Абдуллаев, Бахтиёр Юсупов ва бошқалар меҳрибон мураббийларига хат йўллаб ёки кунда-кунора қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўраб туришади.
Ильмира Отаева, Ирода Нурметова, Назокат Исмоилова, Жамол Абдуллаев ва бошқа кўплаб тарбияланувчилар айни кунларда олий таълим муассасаларида таҳсил олишмоқда.
Бу йил 11 нафар ўғил-қиз умумтаълим мактабларининг 9-синфини тамомлаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқишни давом эттиради. Улар ўзлари учун келгусидаги ҳаёти ҳамда касб-ҳунар эгаллаши борасида аниқ мақсадларни  белгилаб олишган.
Юртбошимиз эътибори ва ташаббуси билан ёш авлод, айниқса, меҳр-мурувватга эҳтиёжманд болалар учун кўпдан-кўп ғамхўрликлар кўрсатилмоқда. Буни ҳар бир шаҳару қишлоқда, ҳар қадамда кузатиш мумкин.
Бугун Урганчдан йўлга чиқсангиз, Хива шаҳрига кираверишда катта йўл бўйида қўшқаватли янги иморатларга кўзингиз тушади. Бу — 20-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун қад ростлаган “Болалар шаҳарчаси”. Шаҳарчада замонавий лойиҳа асосида ўғил-қизларнинг яйраб яшашлари учун барча қулайликка эга бўлган 18 та коттеж типидаги уй-жой бунёд этилди. Шунингдек, маъмурий бино, спорт иншоотлари, ёпиқ бассейн ва бошқа қатор масканларда сўнгги пардозлаш ишлари ниҳоясига етказилмоқда.
Атрофи боғ билан ўралган “Болалар шаҳарчаси”ни қутлуғ байрам — Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 24 йиллиги шодиёналари арафасида фойдаланишга топшириш мўлжалланган.
Яқинда болажонлар билан бирга бу ердаги бунёдкорликлар билан танишган мураббийлар қулайликларни кўриб, беҳад қувонишди. “Бундай юксак ғамхўрликлар учун Президентимизга мингдан-минг раҳмат”, дейишди.
Бу — меҳр масканидагиларнинг юрак-юрагидан чиққан самимий миннатдорлик сўзлари эди.

Отабек ИСМОИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn