Юртга дахлдорлик ҳисси жойларда ўтказилаётган ёшлар фестивалида яна бир карра ўз ифодасини топмоқда
  • 30 Май 2015

Юртга дахлдорлик ҳисси жойларда ўтказилаётган ёшлар фестивалида яна бир карра ўз ифодасини топмоқда

Мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллигига бағишлаб “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ўтказилаётган фестиваллар ёш авлод истеъдоди ва иқтидорини юзага чиқариш, уларни муносиб рағбатлантиришга хизмат қилмоқда. Шу боис ўғил-қизларнинг ушбу тадбирга бўлган қизиқиши тобора ортиб бораяпти.

Хусусан, Самарқанд вилоятида ҳам мазкур акция юксак савияда ташкил қилинди. Унинг доирасида уюштирилган тадбирларда сенаторлар, депутатлар, маданият ва санъат арбоблари, таниқли ижодкорлар, спортчилар ҳамда эстрада хонандалари қатнашди.
— Фестивалда 60 минг нафардан зиёд самарқандлик ёшлар фаол иштирок этди, — дейди “Камолот” ЁИҲ Самарқанд вилояти кенгаши раиси Фаррух Камолов. — Зеро, мазкур тадбир ёшларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнлар, демократик ўзгаришлар билан яқиндан таништириш, уларни миллий қадриятларимизга ҳурмат ва эҳтиром руҳида тарбиялаш, Ватанга дахлдорлик ҳиссини шакллантириш каби эзгу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
“Оммавий таҳдидлар ва ёшлар маданияти”, “Одам савдосидан асраш — долзарб масала”, “Ёшлар ўртасида эрта никоҳ ва унинг олдини олиш”, “Интернет ва ёшлар” мавзуларидаги тарғибот тадбирларида қатнашчиларга турли иллатларнинг оқибатлари атрофлича тушунтирилди. “Президентимиз асарлари билимдони”, “Камолот” кутубхонаси” каби лойиҳалар кўплаб иқтидорли ўғил-қизларни кашф этишга хизмат қилди. Шунингдек, “Иқтидор эгаси — обод юрт эртаси”, “Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам” лойиҳалари доирасида ёш тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.
Фестиваль якунида Самарқанд шаҳридаги “Мўъжиза” амфитеатрида таниқли эстрада хонандалари иштирокида гала-концерт ўтказилиб, унинг доирасида “Конституция билимдони”, “Энг яхши ҳуқуқ тарғиботчиси”, “Энг яхши маънавият тарғиботчиси”, “Энг намунали илм-фан тарғиботчиси”, “Энг яхши соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси” каби номинациялар ғолибларига диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn