Тутунга тутқунликнинг туганмас уқубати
  • 30 Май 2015

Тутунга тутқунликнинг туганмас уқубати

“Жоним азоб тортаяпти. Баданим қақшаяпти. Оқибати бундайлигини аввалроқ билганимда, умуман чекмаган, жабрини тортмаган бўлардим”. Бу кашандаликка ружу қўйиш оқибатида лаб саратонининг тузалмас дардига дучор бўлиб, кимёвий терапиянинг учинчи даво даврини бошидан ўтказаётган беморнинг гапи.

Аслида, унинг дардини сўз билан ифодалаш қийин. Боиси чекиш пайтида олган бир лаҳзалик “лаззати”нинг аччиқ уқубатлари уни туну кун ҳол-жонига қўймаяпти. Ортидаги фарзандлари, уларнинг саломатлиги ва келажаги эса кишини ўйга толдиради. Негаки, чекишнинг касри фарзандлар саломатлигига ҳам таъсирини ўтказмай қолмайди.
Чекиш инсон умрининг заволидир. Мазкур ҳолатга кўп бора гувоҳ бўлмоқдамиз. Хусусан, ҳар йили дунёда 3 миллиондан ортиқ киши айнан ушбу иллат оқибатида ҳаётдан кўз юмаяпти. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, тамакига тобелик одам умрини 20-25 йилга қисқартиради. Ҳали давоси топилмаётган ўпка ракининг 90 фоизи эса чекувчилар ҳиссасига тўғри келади. Шундан ҳам англаса бўладики, чекиш, эртами-кечми, барибир ёмон оқибатга олиб келади.
Бугунги кунда кашандаликка қарши кураш асримизнинг энг фаоллашган саъй-ҳаракатларидан бирига айланди. Бинобарин, дунёнинг ривожланган давлатларида ҳам чекишнинг олдини олиш асосий муаммолардан бири бўлиб турибди. Масалан, АҚШда ҳар йили 500 минг киши айнан чекиш туфайли ҳаётдан  кўз юммоқда.
Энг ўйлантирадиган томони шундаки, аксарият чекувчилар кашандаликнинг оқибатини била туриб, ўзини чоҳ домига ташламоқда. Яъни чекувчиларнинг 24 фоизида жинсий ожизлик ривожланиб, уларнинг асосий қисмида бепуштлик пайдо бўлади. Шунингдек, бундай тоифа кишилар орасида ўпканинг сурункали яллиғланиши, юқори нафас йўллари, оғиз шиллиқ қавати саратони каби сурункали касалликлар кўп учрайди.
Чекувчи аёллардан фарзанд туғилса, кейинчалик уларда ақлий заифлик, фикри ожизлик, жисмоний нимжонлик ҳолатлари кўзга яққол ташланади. Бундан ташқари, уларнинг вазни меъёрдагидан енгил туғилади. Аксарият ҳолларда бундай аёлларнинг биринчи фарзандида мия, юз қисми норасоликлари, қизилўнгач ёки ичак тизимидан бирининг ривожланишдан орқада қолиб туғилиши каби ҳолатлар қайд этилади.
Шу ўринда бир савол пайдо бўлади: сигарета оқибатини била туриб, одамлар нега чекади? Бунинг боиси шундаки, сигарета таркибида никотин моддаси бўлиб, у инсон организмига кирганидан сўнг бир зумда “ўзига ўргатиб” қўяди. Бу “ҳузур” вақт ўтгани сари киши танасининг барча қисмига салбий таъсир ўтказиб бораверади. Оқибати эса жуда аянчли якунланади.
Айтиб ўтиш лозимки, сигарета тутуни таркибида 4 000 дан ортиқ заҳарли моддалар бор. Шулардан никотин, бензопирин, цианид, формальдегид ва бошқалар инсон саломатлиги учун катта хавф туғдиради. Тутун таркибида тўйинмаган карбонат ангидрид гази бўлиб, у қонга сўрилгач, қон таркибидаги гемоглобин билан тўйиниб, кислородни камайтиради ва аъзоларда кислород танқислигини юзага келтиради. Унинг тутунидаги полоний, қўрғошин, висмут каби моддалар жигар, талоқ, қовуқ, буйрак, бачадон каби аъзоларда саратон пайдо қилиш хусусиятига эга. Шундай экан, бу заҳри қотил тутун атрофдагиларга ҳам салбий таъсир кўрсатиши муқаррар.
Кўриниб турибдики, чекиш, кашандалик — кони зиён. Ундан тийилиш нафақат чекувчининг саломатлиги яхшиланишига олиб келади, балки фарзандлар келажагининг бехавотир бўлишини ҳам таъминлайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ташаббуси билан 31 май Халқаро кашандаликка қарши кураш куни сифатида эълон қилингани ҳам бежиз эмас. Ушбу санада чекиш иллатига мубтало бўлганлар яна бир карра огоҳликка чорланиб, соғлом турмуш тарзи тарғиб қилинади. Зеро, соғлиқ — инсоннинг энг катта бойлигидир.

Жуманазар БЕКНАЗАРОВ,
тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn