Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор
  • 29 Май 2015

Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор

Китоб — инсон тафаккурининг қаноти. Киши уни мутолаа қилгани сари онги ва қалбида эзгулик уруғи ниш ураверади. Илм-маърифат, маънавият йўлини тутган одам саодатга эришади, умуман, ҳаётнинг моҳиятини англаб боради. Ахборот технологиялари ҳар қанча ривожланмасин, барибир китоб ўзининг азалий мавқеини сақлаб қолаверади.

Пойтахтимиздаги ўафур ўулом номидаги маданият ва истироҳат боғида ўтказилаётган “Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остидаги республика Китоб байрамида ҳам бу ҳақда алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбир пойтахтимиздан ташқари, Нукус шаҳри ва барча вилоят марказларида бўлиб ўтмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда 100 дан зиёд нашриёт, 1650 та матбаа корхонаси фаолият юритмоқда. Республика нашриётлари томонидан ҳар йили уч минг номдан зиёд турли китоб маҳсулотлари нашр этилиб, китобхонларга етказилаяпти. Бир қатор нашриётларимиз хорижнинг нуфузли халқаро китоб ярмаркаларида муваффақиятли иштирок этиб келишаётир. Истиқлолга қадар юртимизда атиги 9 та нашриёт бўлганини эътиборга оладиган бўлсак, ўтган қисқа давр ичида мазкур жабҳа шиддат билан тараққий этганини, аҳолининг китобга бўлган эътибори ва эҳтиёжи йилдан-йилга ошиб бораётганини кузатиш мумкин.
Биласиз, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан анъанавий тарзда “Йилнинг энг яхши китоби” республика кўрик-танлови ташкил этилади. Республика нашриётлари ўртасида “Ижтимоий-сиёсий адабиёт”, “Ватан тарихи”, “Ўзбек мумтоз адабиёти”, “Болалар ва ўсмирлар адабиёти”, “Арт-китоб” номинациялари бўйича ўтказилаётган бу каби тадбирлар ноширлик ишини янада ривожлантиришда катта аҳамият касб этмоқда.
Бу галги тадбирда ташриф буюрувчилар ўзлари учун зарур бўлган китобларни топиш, ноширлар билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришиш, таклиф ва талабларини баён этиш имкониятига эга бўлишди. Тадбир доирасида “Энг яхши китобхон”, “Китобхон оила” каби мавзуларда интеллектуал ўйинлар ўтказилди. Викториналар, ижодий мулоқот ва суҳбатлар, адиблар, шоирлар, китоб графикаси бўйича рассомлар, муҳаррирлар билан ижодий учрашувлар ташкил этилди. Уларда мустақиллик йилларида маънавий-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар, ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналари, дарслик ҳамда адабиётлар намойиш қилинди.
Кексаларни эъзозлаш йилига бағишланган кўргазмада юртимизда нуронийларга алоҳида ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, умуман олганда, хонадонимиз кўрки ва ҳаётимиз файзи бўлган отахону онахонларимизга чексиз эътибор ҳамда ғамхўрликнинг тасвирий ифодасини кузатиш мумкин.
— Китоб байрамига ҳар йили келаман, — дейди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев. — Айниқса, ёшларнинг китобга бўлган интилиши, муҳаббатини кўриб, кўнглимиз яйрайди. Бу каби тадбирлар истиқлол фарзандларининг комил инсон сифатида тарбияланиши, уларнинг азалий қадриятларимизга садоқатли бўлиб улғайишида муҳим аҳамиятга эга.
Маданият ва истироҳат боғида нашриётларнинг фаолиятига доир кўргазмалар ҳам ташкил этилган. Мониторларда нашриётлар маҳсулотларини акс эттирувчи, “Намунали китоб дўкони” кўрик-танлови ҳамда китобхонлик маданиятини тарғиб этишга бағишланган видеолавҳалар намойиш қилинаяпти. Шунингдек, боғ саҳнасида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан тайёрланган маданий ҳамда кўнгилочар дастурлар ташкил этилди.
— Бадиий адабиётга қизиқаман, — дейди пойтахтимиздаги 163-мактаб ўқувчиси Ансор Матёқубов. — Айниқса, ўзбек ва жаҳон халқлари эртакларини мириқиб мутолаа қиламан. Ҳатто ўзим ҳам эртаклар тўқийман. Бугунги кўргазмага келиб жуда қувондим. Негаки, бу ерда кутганимдан ҳам кўп эртак китоблар бор экан.
Ушбу кўргазма давомида “Китоб — миллатнинг бебаҳо маънавий ва маданий мероси” мавзуида илмий-амалий анжуман ҳам ўтказилади. “Йилнинг энг яхши китоби” кўрик-танлови якунлари эълон қилинади.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn