Ижодий изланишга ундовчи фестиваль
  • 29 Май 2015

Ижодий изланишга ундовчи фестиваль

Наманган шаҳрида “Юксак маънавиятли авлод” республика иқтидорли ёшлар фестивалининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Наманган санъат коллежи ва “Ёшлар маркази”да ташкил этилган кўргазмаларда истеъдодли ўғил-қизлар ўзларининг ижодий ишларини намойиш қилдилар.

Мазкур фестиваль ёшлар ўртасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини  ошириш, улар онгига она-юртга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини чуқур сингдиришдек эзгу мақсадга йўналтирилган. Унинг биринчи босқичида 54 минг нафардан зиёд 14 ёшдан 25 ёшгача бўлган иқтидор эгалари иштирок этиб, ўзларининг билим ва истеъдодларини синовдан ўтказдилар. Тадбирнинг вилоят босқичида эса 288 нафар ўғил-қиз қатнашди.
— Орамизда билим чўққиларини эгаллаш билан бир пайтда фан-техника соҳаларида янгилик яратишга интилаётган ёшлар сафи кенгайиб бормоқда, — дейди Поп туманидаги кон-металлургия ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Пўлатхон Ақлхўжаев. — Ўзим техникага қизиқаман. Кон ишларини ўрганишим чоғида менда ҳам янги ғоялар туғилди. Ўзи юк ортиб туширадиган автомашина, шунингдек, бир йўла уч амалиётни бажара оладиган экскаватор макетини яратдим. Бугун ана шу ишланмаларимни кўргазмага қўйдим.
Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг “Президентимиз асарлари билимдони”, “Мустақиллик тарихи билимдони”, “Энг иқтидорли ҳунарманд”, “Ўз асарида миллийликни акс эттирган рассом”, “Ўз асарида миллийликни акс эттирган дизайнер”, “Ватан куйчиси”, “Юксак маънавиятли авлод” номинациялари бўйича тақдим қилган ижодий ишларини белгиланган мезонлар асосида кўриб чиқди. Якунда ўз йўналиши бўйича ғолибликка эришган ўқувчилар фестивалнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

* * *

Қарши шаҳрида ҳам мазкур фестивалнинг вилоят босқичи якунланди. Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб деб топилган 260 нафар йигит-қиз ўз билим ҳамда салоҳиятини намойиш қилди.
Хусусан, унда “Президентимиз асарлари билимдони”, “Мустақиллик тарихи билимдони”, “Энг иқтидорли ҳунарманд”, “Ўз асарида миллийликни акс эттирган рассом”, “Ўз асарида миллийликни акс эттирган дизайнер”, “Ватан куйчиси”, “Юксак маънавиятли авлод” каби йўналишлар бўйича ғолиблар аниқланди.
Якуний натижаларга кўра, ғолибликни қўлга киритган 24 нафар иқтидор эгаси танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.
— Автомобиллардан ажралиб чиқаётган заҳарли газлар миқдорини камайтириш орқали атроф-муҳит мусаффолигига эришиш мумкин, — дейди Fузор саноат ва транспорт коллежи ўқувчиси Байрамали Дўланов. — Айни пайтда ана шу мақсадга хизмат қилувчи лойиҳа устида изланишлар олиб бораяпман. Сув ёрдамида ҳаракатланадиган экскаватор яратдим. Ушбу ишланмам барчада катта қизиқиш уйғотди. 
Шунингдек, фестиваль доирасида тажрибали мутахассислар томонидан маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди. Унда ёш тадқиқотчи ва кашфиётчиларга ўз ишланмаларини янада такомиллаштириш бўйича таклиф ҳамда тавсиялар берилди.
Фестиваль “Ватан келажаги сенинг қўлингда!” шиори остида Алишер Навоий номидаги вилоят маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтган концерт дастури билан якунланди.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ҳайрат ва шижоат фасли Ёш оилалар қувончи »