Улкан мақсадлар, эзгу интилишлар
  • 26 Май 2015

Улкан мақсадлар, эзгу интилишлар

2014/2015 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 9-синфини битираётган 483 минг нафар ўқувчи узлуксиз таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ қамраб олиниб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таҳсилни давом эттиради.

Юрт келажаги маънан ва жисмонан етук, интеллектуал салоҳиятли навқирон авлод тақдирига бевосита боғлиқдир. Шу боис ҳам мамлакатимизда таълим-тарбия соҳаси ривожига катта эътибор қаратилиб, ёшларнинг замонавий асосда пухта билим олиши, истеъдодини кенг миқёсда намоён этиши учун беқиёс имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, ўтган вақт давомида республикамизда кадрлар тайёрлаш тизими тубдан ислоҳ этилди. “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури ўқитиш сифати ҳамда самарадорлигини оширишда мустаҳкам пойдеворга айланди. Жойларда муҳташам кўриниш, қулай шарт-шароитга эга бўлган таълим масканлари бунёд этилиб, уларни малакали ўқитувчи ва мураббийлар билан таъминлаш борасида ҳаётга татбиқ қилинаётган хайрли ишлар ўқувчи-ёшларимизнинг чинакам маънода қатъиятли, шижоатли авлод бўлиб камолга етишларида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигидан олинган маълумотларга қараганда, жорий йилда 483 минг нафар ўғил-қиз таълимнинг навбатдаги босқичига йўлланма олаётир. Жумладан, 9-синф битирувчилари ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, ўқувчиларнинг 42 минг нафари академик лицейларда, 441 минг нафари эса касб-ҳунар коллежларида таҳсил олиш мақсадида эканлигини билдиришган. Умумтаълим мактаблари, мусиқа, санъат ҳамда спортга ихтисослаштирилган махсус мактаб-интернатларда сабоқ олган бу ёшларнинг қай бири билан суҳбатлашманг, улар қалбида эзгу истак ва умидлар кенг қулоч ёяётганига амин бўласиз.
Навбатдаги ўқув йили якунланиши муносабати билан 25 май куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридаги таълим масканларида “Замонавий билимлар билан замонавий касб-ҳунарга эга бўламиз” шиори остида бўлиб ўтган “Хайр, мактаб, салом, коллеж!” тадбирларида ҳам ана шу жиҳатлар ҳақида сўз юритилиб, таълимдаги ислоҳотлар самараси алоҳида эътироф этилди. Жумладан, пойтахтимизнинг Миробод туманидаги 60-умумий ўрта таълим мактабида ҳам эрта тонгдан ўқувчилар, ота-оналар, маҳалла фаоллари, устозлар, таълим фидойилари ва маънавият тарғиботчилари жам бўлди.
Тадбирда сўзга чиққанлар истиқлол йилларида одамларимизнинг онгу шуури тубдан ўзгариб, шу азиз Ватан меники, унинг бугунги ва эртанги куни учун мен масъулман, деган дахлдорлик туйғуси тобора кучайиб бораётганлиги ва бунда таълим муассасалари, хусусан, мактабларнинг ҳам ўрни беқиёс эканлигини таъкидлашди.
“Хайр, мактаб, салом, коллеж!” тадбири давомида Президентимизнинг 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан ўтказилган маросимда билдирган фикрларини ўқувчи-ёшларга етказиш, чунончи, улар онгида Ватанга муҳаббат ва садоқат, кексаларга ҳурмат кўрсатиш, тинчлик ва осойишталикни қадрлаш каби туйғуларни кучайтириш ҳамда “Биз кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган саволнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шу куни энг фаол ва аълочи ўқувчиларга етуклик шаҳодатномаси билан бирга, фахрий ёрлиқлар топширилди. Шунингдек, “Энг ибратли ўқувчи”, “Энг фаол ўқувчи”, “Ижодкор ўқувчи”, “Ёш ихтирочи”, “Мактабимиз фахри”, “Спорт устаси”, “Компьютер устаси”, “Энг ораста қиз” каби номинациялар бўйича иқтидорли ва намунали ўқувчилар ҳам рағбатлантирилди.
— Жонажон мактабимизда олган сабоқларимиз, устозларимиз ўгити бизни келажакда ютуқ ҳамда марраларга, янги чўққиларга ундаши, шубҳасиз, — дейди битирувчи Эъзоза Нажимова  — Аслида ҳам биз, ёшлар бугунги беқиёс имкониятларга жавобан, катта муваффақиятларни қўлга киритиш учун астойдил ҳаракат қилишимиз, ўқиб-изланишимиз лозим. Зотан, Президентимизнинг юксак ишончига муносиб бўлиш, юртнинг эртанги тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаш фарзандлик бурчимиздир.
Тадбир ниҳоясига етгач, барча мактаб битирувчилари ўз қизиқиши бўйича танлаган академик лицей ва касб-ҳунар коллежига ота-оналари билан бирга ташриф буюриб, у ердаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
“Замонавий билимлар билан замонавий касб-ҳунарга эга бўламиз” шиори остидаги тадбирлар республикамиздаги барча умумтаълим мактабида кўтаринки руҳда ўтказилди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn