Дастур ижроси ва масъулият
  • 26 Май 2015

Дастур ижроси ва масъулият

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижросига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Таъкидланганидек, Дастурда белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда, юртимизда ёши улуғ инсонларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларини изчил давом эттириш, бу борадаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини кучайтиришга қаратилган кенг қамровли тадбирлар амалга оширилаётир. Бунда давлат ва жамоат ташкилотлари қаторида, Касаба уюшмалари Федерациясининг ҳам салмоқли ҳиссаси бор.
Мазкур йўналишдаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш учун Федерация томонидан тегишли таклифлар берилаяпти. Айни чоғда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шу мақсадда жойларда турли семинарлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилаётир. Касаба уюшмалари “Ишонч телефонлари” орқали кекса ёшдаги фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ҳам йўлга қўйилган.
Кексаларни, энг аввало, 1941 — 1945 йиллардаги уруш ҳамда меҳнат фронти фахрийларини қўллаб-қувватлаш, ёлғиз қария ва ногиронларга кўрсатиладиган ижтимоий ҳамда маиший хизматлар кўламини кенгайтириш борасида ҳам касаба уюшмалари томонидан тизимли ишлар рўёбга чиқарилмоқда.
Хусусан, 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни байрами муносабати билан “Касаба уюшмалари — фахрийларга” акцияси эълон қилиниб, уруш қатнашчиларига пул мукофотлари топширилди. Шунингдек, 23 минг нафар ёлғиз кексага  озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар, уй-жойини таъмирлаш, коммунал хизматларга ҳақ тўлаш шаклидаги ижтимоий кўмак кўрсатиш кўзда тутилган бўлиб, бугунгача 8 минг нафардан ортиғига жами 615 миллион сўмлик моддий ёрдамлар берилди.
Республикамиздаги Саховат ва Мурувват уйларида яшовчилар ҳолидан хабар олиниб, турли маданий-маърифий тадбирлар уюштирилди. Бунинг учун 55 миллион сўмликка яқин маблағлар сарфланди.
Тадбирда касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда уруш ва меҳнат фронти фахрийларини давлат бюджети ҳисобидан сифатли ҳамда самарали соғломлаштириш учун барча зарур шарт-шароитлар ва қўшимча қулайликлар яратилгани ҳам қайд этилди. Хусусан, тизимдаги 15 та санаторийда қарийб 11 миллиард сўмлик қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш юмушлари бажарилди, барчасида уруш ва меҳнат фронти фахрийлари бўлимлари очилди. Жорий йилнинг 15 май ҳолатига кўра, санаторийларда 2 минг 33 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийси соғломлаштирилди.
Анжуманда 420 нафар кекса ҳамда жисмоний имконияти чекланган кишиларни 300 миллион сўмлик ёрдамчи ва техник реабилитация воситалари, жумладан, ногиронлик аравачалари билан бепул таъминлаш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилаётгани айтиб ўтилди.
Нуронийларни маданий дам олдириш ишлари ҳам изчиллик билан давом эттирилмоқда. Масалан, Наврўз ҳамда Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрамлари арафасида 1400 нафарга яқин кексалар театр, концерт ва бошқа маданий тадбирларга жалб қилинди. Касаба уюшмалари томонидан 1000 нафар кексани республикамизнинг тарихий шаҳарлари ва диққатга сазовор жойларига саёҳатга олиб чиқиш кўзда тутилган бўлиб, ҳозирги кунгача 935 нафар отахон ва онахон Бухоро, Самарқанд, Хива, Қўқон, Шаҳрисабз ҳамда Тошкент шаҳарларини томоша қилишди.
Умуман, Давлат дастурида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси учун бугунги кунгача касаба уюшмалари томонидан 16 миллиард 300 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.
Матбуот анжуманида журналистлар саволларига батафсил жавоб қайтарилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn