Беғубор орзулар тасвири
  • 26 Май 2015

Беғубор орзулар тасвири

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида навқирон авлоднинг камолоти йўлида ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш, уларнинг ижодий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ижтимоий ҳолати, миллатидан қатъи назар, барча болаларнинг эзгу орзулари ижобати йўлида кенг имкониятлар эшигини очиб бериш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.  

Ўзбекистон Давлат санъат музейида “Sen yolg‘iz emassan” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси томонидан 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб ташкил этилган “Менинг эзгу орзуим” мавзусидаги расмлар кўргазмасида айни жиҳатлар яна бир карра ўзининг ёрқин ифодасини топди. Кўргазмада мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, алоҳида эҳтиёжли болалар чизган расмлар намойиш этилди.
“Sen yolg‘iz emassan” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси Васийлик кенгаши раиси Л. Каримова-Тиллаева мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг тўлақонли таълим олиши, буюк аждодларимизга муносиб ворислар бўлиб камолга етиши масаласи давлатимизнинг доимий эътиборида эканини таъкидлади.
Ўғил-қизларнинг ҳуқуқий манфаатларини таъминлашда, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига яқиндан кўмаклашишда турли вазирлик ва идоралар билан биргаликда жамоат ташкилотлари ҳам фаол ҳисса қўшмоқда.  Жумладан, “Sen yolg‘iz emassan” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси томонидан турли кўргазмалар, санъат ҳафталиклари, спорт мусобақалари, болалар форумларининг мунтазам ўтказилаётгани ўқувчи-ёшлар қобилияти ва истеъдодини тўғри йўналтириб бориш, истеъдод соҳибларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш имконини бермоқда.
“Менинг эзгу орзуим” деб номланган кўргазмада болалар ўз беғубор орзуларини оппоқ қоғозда тасвирлашга интилди. Бу ерда намойиш қилинган юздан ортиқ суратда тинчлик, осойишталик, ёруғ ва фаровон ҳаёт, табиат манзаралари, оиланинг муқаддас қўрғонлиги, мактаб билим ва тарбия маскани экани турфа бўёқларда акс эттирилган. Мазкур кўргазмадан кўзланган асосий мақсад болаларнинг орзу-интилишларини атрофлича ўрганиш, уларда ўзига бўлган ишонч ва қатъиятни мустаҳкамлашдир.
— Мен юртимиздаги кўм-кўк осмонни, яшил дарахтзорлар, майсазорларни, мактабга йўл олаётган шодон болаларни тасвирлашга ҳаракат қилдим, — дейди пойтахтимиздаги 22-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси, 12 ёшли Анастасия Игнатенко. — Ўзбекистонимиз доимо тинч ва осойишта, осмони тиниқ бўлишини орзу қиламан.
Кўргазмада болалар ўзлари чизган суратларнинг мазмуни ҳақида атрофлича сўзлаб берди. Тадбир доирасида болалар иштирокида асфальтга расм чизиш бўйича ижодий танлов ҳам ўтказилди.

Н. УСМОНОВА,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn