Тарихий обидаларга саёҳат
  • 26 Май 2015

Тарихий обидаларга саёҳат

Самарқанд шаҳрида “Тарихим — фахрим!” шиори остида таълим муассасалари ўқувчиларининг ҳудуддаги тарихий қадамжоларга саёҳати уюштирилди.

Вилоят ҳокимлиги ҳудуддаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбирда бир гуруҳ ўқувчилар Имом Бухорий, Шоҳи Зинда, Хўжа Дониёр мажмуаларида бўлиб, мазкур обидаларнинг тарихи, бу ерда амалга оширилган таъмирлаш-ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди.
Шунингдек, Мирзо Улуғбек расадхонасида улуғ бобомизнинг фалакиёт илми бўйича олиб борган изланишлари ҳақидаги тасаввурларини бойитишди. “Афросиёб” музейидаги ўтмишдан сўзловчи топилмалар ҳам ўқувчиларда катта таассурот қолдирди. Сўғдиёна маданият ва истироҳат боғига ташриф чоғида ўқувчилар бу ердаги экоолам билан танишдилар.
— Ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад, ёшларимиз қалбида она-Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга садоқат туйғуларини шакллантиришга қаратилган, — дейди вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия масъул котиби М. Усмонов. — Айтиш жоизки, юртимиз, хусусан, Самарқанддаги қадимий обидалар аждодларимизнинг улкан салоҳиятидан далолат бериб турибди. Бинобарин, униб-ўсиб келаётган авлод уларга муносиб  бўлмоғи керак.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn