Биологик хилмахилликни сақлаш — давр талаби
  • 22 Май 2015

Биологик хилмахилликни сақлаш — давр талаби

Наботот ва ҳайвонот олами ҳаётий манба ҳисобланади. Уларни асраб-авайлаш, келажак авлодга бекаму кўст етказиш  ҳар бир инсоннинг бурчидир. Бинобарин, 1992 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Биологик ранг-баранглик тўғрисидаги Конвенция қабул қилинди ва у бир йил ўтиб, халқаро ҳужжат сифатида кучга кирди. Кўплаб муҳим вазифалар белгилаб берилган мазкур Конвенция бугунги кунда дунёнинг аксарият мамлакатлари томонидан ратификация қилинган. Шу муносабат билан ҳар йили 22 май — Халқаро биологик хилмахиллик куни сифатида нишонланиб келинади.

Юртимизда истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб, табиат муҳофазаси, экологик барқарорлик ва биохилмахилликни сақлаш, қайта тиклашга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Бунинг учун зарур ташкилий-ҳуқуқий ҳамда институционал база яратилди. Конституциямизда ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойлик экани, улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва улар давлат муҳофазасида эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди. Шунингдек, соҳага доир бир қатор қонунлар қабул қилинди. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилган “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонун бу борадаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтаришга яна бир туртки берди. Ўз навбатида, Ўзбекистон кўплаб халқаро ҳужжатлар қатори, БМТнинг Биологик ранг-баранглик тўғрисидаги Конвенциясига ҳам қўшилган. 
Бугун юртдошларимиз Ватанимизнинг бетакрор наботот ва ҳайвонот олами билан ҳақли равишда фахрланади. Диёримизга ташриф буюрадиган сайёҳлар ҳам юртимизнинг азим тоғлар, чўллар, сув ҳавзалари, тўқайзорлар, боғу роғлар, бошқа маданий экотизимлар, уларда учровчи барча тирик организмлар мажмуидан таркиб топган биохилмахиллиги ўзига хос ҳамда ноёб эканлигини ҳамиша эътироф этадилар.
Она-табиатимизни ҳар томонлама ҳимоя қилиш — экологик барқарорликни таъминлашнинг асосий шартидир. Шундай экан, республикамизда биологик хилмахиллик объектларини асраб-авайлаш ўсимлик ва ҳайвонот дунёси,  улар яшайдиган муҳитни комплекс муҳофаза қилиш, шунга мўлжалланган ҳудудларни кенгайтириш, янгиларини бунёд этиш ва уларнинг иш самарадорлигини ошириш бўйича бир қанча юмушлар амалга оширилаяпти.
Бу борада ҳукуматимиз томонидан Биологик хилмахилликни сақлаб қолиш бўйича Миллий стратегия ва Ҳаракатлар режаси қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Зеро, унда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини янгидан ташкил этиш ва мавжудларини кенгайтириш, бундай ҳудудларда фаолият юритишнинг иқтисодий механизмларини халқаро амалиётдан келиб чиққан ҳолда олиб бориш, биохилмахилликни муҳофаза қилиш ва унга зиён етказмасдан фойдаланишда кенг жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш каби устувор вазифалар кўрсатиб ўтилган. Уларнинг ижроси доимий диққат-эътиборда.
Маълумотларга кўра, юртимизда 15700 га яқин ҳайвон, 4500 та олий навли ўсимлик тури учрайди. Муҳофаза қилинадиган ҳудудлар уларни сақлаш, қайта тиклаш ва фойдаланишда айни муддаодир. Шунинг учун ҳам бу каби маконларни янада кенгайтиришнинг аҳамияти катта.
Республикамизда табиий фауна турларини махсус кўпайтиришга ҳам биохилмахилликни таъминлашнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилади. Ўз навбатида, диёримиз ўсимлик олами ноёблиги, шифобахшлиги билан ажралиб туради.
Мутахассисларнинг аниқлашича, юртимиз флораси таркибидаги турларнинг 700 таси эфир сақловчи ҳисобланади, 100 таси замонавий тиббиётда, 1500 таси эса халқ табобатида кенг қўлланилади. Демак, уларни сунъий усулда етиштириш кўлами кенгайиб бораётгани қувонарлидир. Бугун давлат ва хусусий тадбиркорлик тизимидаги бир қатор субъектлар ушбу фаолият билан шуғулланиб келаётгани фикримизга мисолдир. Бу борадаги ишларни янада изчил давом эттириш биологик неъматлар, табиий мувозанатни сақлаш, иш ўринлари яратиш, иқтисодий самарадорликка хизмат қилиши, шубҳасиз.
Кези келганда, шуни ҳам қайд этиш керакки, сўнгги йилларда турли табиий ва антропоген омиллар туфайли дунёда қурғоқчилик, чўлланиш, деградация каби муаммолар кузатилаётир. Оқибатда ҳайвонот ва наботот турлари сони камаймоқда, яшаш муҳитларидаги аҳвол янада кескинлашиб, биохилмахилликка путур етаётир. Мазкур вазият, албатта, ёввойи турлар муҳофазасини янада такомиллаштириш, мутахассислар, кенг жамоатчиликнинг масъулиятини кучайтиришни тақозо этади.
Ўзбекистон экологик ҳаракати, унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлари гуруҳи, парламент қуйи палатасидаги Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзолари бу борадаги ишларга ҳисса қўшишни ўзлари учун устувор вазифа, деб билади.
Айни пайтда депутатлар томонидан соҳага оид қонунчилик нормаларини янада такомиллаштириш устида ишлар олиб борилмоқда, уларнинг ижроси назорат-таҳлил фаолияти тартибида ўрганилаяпти. Ҳужжатларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш, зарур ҳуқуқий механизмларни янада маромига етказишга оид таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилаяпти, қарорлар қабул қилинмоқда. Олимлар, амалиётчи экспертлар, экологлар, ҳуқуқшунослар, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини жалб этган ҳолда, бир қатор ишчи гуруҳлари ташкил қилинди. Уларда табиатни асраб-авайлаш ва экологияга оид кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунларни янада маромига етказиш устида изланишлар давом эттирилаяпти. Шу билан бирга, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда фаол иш олиб борилаётир. Бу борадаги саъй-ҳаракатларни тобора кучайтириш эса аҳолини биохилмахилликни асрашга янада жонбозлик билан камарбаста бўлишга ундайди.
Бугунги кунда республикамиздаги айрим вилоятларнинг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларида давлат кадастрини юритиш сифатини  яхшилаш лозимлигини ҳам қайд этиб ўтиш жоиз. Қолаверса, соҳада илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, мутахассислар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш бўйича чора-тадбирлар кўламини кенгайтириш давр талабидир.
Мухтасар айтганда, мамлакатимизда биологик хилмахилликни асрашга қаратилган эзгу амаллар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни мустаҳкамлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини чуқур қарор топтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда катта аҳамият касб этаяпти.


Борий АЛИХОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
Фахриддин ХОЛБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn