Инновация ва тараққиёт
  • 22 Май 2015

Инновация ва тараққиёт

Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан cаккизинчи марта ташкил этилган Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси ўз ишини якунлади.

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” павильонларида уч кун давом этган бу галги тадбир юксак савия ва ишчан руҳда ўтди, дейиш учун асослар етарли. Унда юртимизда фаолият кўрсатаётган олий таълим, илмий тадқиқот муассасалари, тажриба-конструкторлик ташкилотлари, кичик инновация корхоналари ва ихтирочиларнинг қарийб 500 та ноёб ишланма ҳамда технологияси тақдим этилгани, уларни амалиётга жорий қилиш бўйича, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, умумий қиймати 25 миллиард сўмликдан зиёд 1200 дан ортиқ шартномалар имзолангани бунинг яққол тасдиғидир. 
Сир эмаски, ихтиролар, иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қиладиган ишланмалар илмий тадқиқот учун қулай шарт-шароит яратилган, илм аҳли фаолияти қўллаб-қувватланаётган жойдагина юзага чиқади. Зеро, халқимиз игна билан қудуқ қазишга менгзайдиган бу машаққатли юмуш кишидан алоҳида қунт, катта матонатни талаб этади.
Шу жиҳатдан айтганда, Ўзбекистонимизда илмий изланишлар олиб бориш учун барча қулайлик яратилган бўлиб, инновацион ишланмалар, технологиялар ва лойиҳалар муаллифлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясига алоҳида эътибор қаратилиб, интеллектуал мулк яратувчилар моддий ҳамда маънавий жиҳатдан рағбатлантириб келинаяпти. Бу эса, ўз навбатида, уларни саноат тармоқларини жадал ривожлантириш, инновацион иқтисодиётни  жорий этишга хизмат қиладиган илмий ишланмалар яратишга ундаётир. 
— Мамлакатимизда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу ярмарка биз, олимларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодасидир, — дейди Тошкент давлат аграр университетининг Мевачилик, сабзавотчилик ва узумчилик кафедраси доценти Нуриддин Фахриддинов. — Чунки бу тадбир нафақат янги технологияларни намойиш этиш, балки амалиётга кенгроқ татбиқ қилиш, ҳамкорлар топиш имконини яратиб бераяпти. Биз, масалан, интенсив усулда кўчат етиштириш технологияси бўйича 250 миллион сўмлик шартномалар имзоладик. Бу усулнинг афзаллиги шундаки, лимон ва бошқа мевали дарахт кўчатлари сунъий туман ҳосил қилиб кўпайтирилиши туфайли уларнинг мевага кириши тезлашади. Ҳосилдорлиги эса ошади. Айтайлик, анъанавий усулда етиштирилган лимон кўчати тўрт йилда нишона мева тугиб, ўртача ҳосилдорлиги гектарига 35-40 тоннани ташкил этса, янги технология туфайли бу давр бир йилга қисқариб, ҳосилдорлик
70-75 тоннагача кўтарилади. 
Умуман, Тошкент давлат аграр университети томонидан тақдим этилган 22 та инновацион ишланманинг ҳаммаси қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш, даромадни кўпайтиришга қаратилгани боис деҳқон ва фермерларнинг диққат-эътиборида бўлди. Айниқса, ошқовоққа бодрингни пайванд қилиш технологияси барчани қизиқтирди.
Унинг муаллифи Салоҳиддин Юнусовнинг айтишича, бу янги усул кейинги йилларда кузатилаётган иқлим ўзгаришлари таъсири шароитида ҳам мўл ва сифатли ҳосил олишни таъминлайди. Чунки қовоқнинг илдиз тизими турдошларига нисбатан ерга чуқур жойлашгани ва мустаҳкам бўлгани учун сув тақчиллиги, касаллик ҳамда зараркунандаларга чидамли. Қолаверса, ўсиш даври узоқ бўлгани туфайли унга уланган бодринг, қовун ва тарвуз мевасини кеч кузгача териб олиш мумкин.
Бу йилги ярмаркада намойиш қилинган инновацион технологиялар шу каби янгиликларга бойлиги, маромига етказилгани, энг асосийси, иқтисодиётимиз тармоқлари эҳтиёжидан келиб чиқиб яратилгани сабаб иштирокчиларнинг деярли барчаси амалий ҳамкорлик ўрнатишга эришди.
— Ярмарка бизнинг жамоамиз учун ҳам жуда самарали бўлди, — дейди Ўзбекистон табиий толалар илмий тадқиқот институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Муҳаммадкарим Мирзахонов. — Жумладан, биз еттита ишланмамизни амалиётга жорий қилиш бўйича умумий қиймати 415 миллион сўмлик шартномалар имзолашга муваффақ бўлдик.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, нуфузли ярмаркага ўтган давр мобайнида тўпланган тажриба асосида пухта тайёргарлик кўрилиб, интеллектуал мулк яратувчилар томонидан келиб тушган юзлаб аризалар атрофлича ўрганилди. Натижада улар орасидан энг истиқболли ва самарали ихтиролар саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ҳамда фармацевтика, ахборот технологиялари, фан ва таълим йўналишлари бўйича саралаб олинди. Ишланмаларнинг аксарияти экспортга йўналтирилган ҳамда импорт ўрнини босувчи технологиялар бўлиб, шундан 70 дан зиёди иқтидорли талабалар ва ёш олимларнинг интеллекти маҳсули эканлиги, айниқса, қувонарлидир.  
VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси ёшлар ўртасида анъанавий тарзда ўтказилаётган “Энг яхши инновацион ғоя” республика танлови ғолибларини тақдирлаш маросими билан якунланди.
Ярмаркага ташриф буюрган, унинг кундалигини яқиндан кузатган киши борки, юртимиз олимлари томонидан яратилаётган инновацион технологиялар, замонавий ишланмалар ва илғор ғоялар нафақат миқдор, балки сифат жиҳатидан ҳам яхшиланиб бораётганига яна бир карра амин бўлди. Бу Ўзбекистонимизнинг илмий-техникавий салоҳияти юксалиб, интеллектуал бойлиги тобора кўпайиб бораётганидан, пировардида ижтимоий-иқтисодий соҳаларни янада ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор қўйилаётганидан ёрқин нишонадир!


Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Шомурот ШАРАПОВ,
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn