Тадбиркорликнинг ишончли ҳимояси
  • 22 Май 2015

Тадбиркорликнинг ишончли ҳимояси

Президентимизнинг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ишбилармонларимиз учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.

Мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг иқтисодиётдаги ўрни тобора мустаҳкамланмоқда. Бунда барча тармоқларда хусусий мулкнинг аҳамиятини ошириш, мулкдорлар ўз фаолияти давомида дуч келиши мумкин бўлган тўсиқларни бартараф қилиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар, айниқса, муҳим аҳамият касб этаётир.
Буни соҳа вакилларининг қуйидаги дил сўзлари ҳам яққол тасдиқлайди.
Раъно НИШОНОВА, Гулистон шаҳридаги “Гули Раъно нур жилоси” хусусий корхонаси раҳбари:
— Президентимизнинг мазкур Фармони биз, тадбиркорларга бўлган беқиёс ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунасидир. Чунки бу ҳужжатда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни сифат жиҳатидан тараққий эттириш учун барча зарур шарт-шароитни яратиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган. Жумладан, тадбиркорликнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, ривожланиш йўлидаги тўсиқларни  олиб ташлаш мақсадида ўттиз учта аниқ чора-тадбирни ўз ичига олган комплекс дастур тасдиқлангани диққатга сазовор.
Таъкидлаш керакки, истиқлол йилларида ҳаётга татбиқ этилаётган бу каби дастурлар ишбилармонлар сафи кенгайиб, мулкдорларнинг янги синфи шаклланишида муҳим омил бўлмоқда. Бизнинг олти  йил муқаддам ташкил қилинган корхонамиз бунга мисол бўла олади.
Ўтган ана шу қисқа давр, айтиш мумкинки, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этиш ва тайёрланаётган маҳсулотлар сифатини жаҳон андозаларига мослаштириш палласи бўлди. Даромадимиз ҳам шунга яраша ошиб бориши натижасида фаолиятимизни кенгайтириб, 2013 йилда корхонамиз қошида “Асл нур файз” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этдик. Ҳозирги кунда Мирзаобод туманида жойлашган ушбу корхонада 40 дан зиёд турдаги юмшоқ мебеллар тайёрланаяпти.
Яқинда эса биз тадбиркорларга яратилган яна бир қулайликдан фойдаландик: қаровсиз қолган иншоот 300 миллион сўмлик инвестиция киритиш шарти билан “ноль” қийматида ихтиёримизга берилди. Бу, шубҳасиз,  бизнес фаолиятимизни янада кенгайтириш, иш ўринлари яратиш, бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдиришимиз учун рағбатлантирувчи омилдир.  


Гулбаҳор МУРОДОВА, Ғаллаорол туманидаги “Сарафроз плюс” хусусий корхонаси раҳбари:
— Давлатимиз раҳбарининг Фармонига мувофиқ, ҳокимликлар ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари негизида “бир дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш Ягона марказлари ташкил этилаётгани айни муддаодир. Нега деганда, биргина шу оқилона чора орқали ишбилармонлар қатор оворагарчиликлар, беҳуда вақт йўқотишлардан халос бўлаяпти. Бу эртасини ўйлаган, юрт фаровонлигини ошириш мақсадида меҳнат қилаётган тадбиркор учун катта имконият ҳисобланади.
Тикувчиликка ихтисослаштирилган корхонамиз фаолияти ўтган йилдан бошлаб янада кенгайди. Аниқроғи, банкнинг 120 миллион сўм миқдоридаги кредити эвазига хориждан яна 50 та тикув ва тўқув машинасини харид қилиб, Бахмалсой қишлоғида ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Натижада йил охиригача буюртмачиларга 200 миллион сўмлик тайёр маҳсулот етказиб беришга муваффақ бўлдик. Насиб қилса, жорий йилда бу кўрсаткични 300 миллион сўмликка етказиш ниятидамиз.
Қувонарлиси, туманимизда биз каби ана шундай эзгу мақсад йўлида фаолият юритаётган тадбиркорлар бисёр. Уларнинг сафи бундан-да кенгайишига шак-шубҳа йўқ. Зеро, Фармонда белгилаб берилган қулай шароитлар ишбилармонларга қанот бахш этади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn