Бахтли болалар мамлакати
  • 22 Май 2015

Бахтли болалар мамлакати

Мустақилликнинг илк кунлариданоқ баркамол авлодни тарбиялаш масаласига давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилиб, ўғил-қизларимизнинг интеллектуал ривожланиши, маънавий ва жисмоний камолоти йўлида кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Болаларни ёзги соғломлаштириш йўналишида олиб борилаётган ишлар шулар жумласидандир.

Ўзбекистоннинг ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги тажрибаси, ўз навбатида, халқаро экспертлар ва нуфузли ташкилотлар томонидан мунтазам эътироф этилаётир. Зеро, давлат ва жамоат ташкилотларининг саъй-ҳаракатлари ва имкониятларини болаларни сифатли дам олдириш ҳамда соғломлаштиришни таъминлашга йўналтириш амалиёти дунёнинг камдан-кам мамлакатида мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 мартдаги қарори билан ушбу йўналишдаги ишлар тизимлилигини таъминлаш мақсадида Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича доимий фаолият юритувчи Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳи ташкил этилгани айни муддао бўлди. Республика ва ҳудудий мувофиқлаштирувчи гуруҳлар аъзолари ҳар бир ҳудудда мавсумнинг намунали ҳамда уюшқоқлик билан ўтказилишини таъминлаш бўйича самарали фаолият олиб бормоқда.
Жорий йилда ҳам мамлакатимизда болаларни ёзги соғломлаштириш мавсумига пухта ҳозирлик кўрилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикасида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш концепцияси асосида ихтисослаштирилган оромгоҳларни кўпайтириш ва улар фаолиятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Айни чоғда тайёргарлик жараёни фақат мавсум давомидагина эмас, балки йил мобайнида назорат қилиб борилаяпти. Тайёргарлик босқичи Республика комиссияси томонидан икки маротаба, жойлардаги комиссиялар томонидан уч-тўрт марта муҳокама этилгани мисолида ҳам буни яққол кўриш мумкин.
Оромгоҳларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларда замонавий шарт-шароитларни яратишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам диққатга сазовор. Республика оромгоҳларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича манзилли дастурлари асосида 9 та оромгоҳ янгидан қурилди, 27 тасида реконструкция ишлари олиб борилди ва 45 та оромгоҳ капитал таъмирланди. Жумладан, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Бўстонлиқ туманида “Ниҳол”, Навоийда “Ишонч”, Наманганда “Камалак”, “Норин”, Самарқандда “Чорчинор”, Хоразмда “Шодлик” оромгоҳлари барпо этилиб, изчил фаолияти йўлга қўйилди. Олмалиқ кон-металлургия комбинати саъй-ҳаракати билан Жиззахда “Истиқлол”, Ички ишлар вазирлиги томонидан Бўстонлиқ туманида “Оқтош” оромгоҳлари барпо этилди. Натижада оромгоҳлардаги ўринлар сони 4 минг 856 тага кўпайди.
Болаларнинг овқатланиш рациони, уларнинг саломатлигини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш масалаларига ҳам эътибор тобора кучайтирилмоқда. Бу йўналишда ҳам бир қатор янгиликлар жорий қилинди. Хусусан, таом турларини кўпайтириш, дармондорига бой дамламалардан фойдаланиш кўзда тутилган. Самарқанддаги “Юлдузча” оромгоҳида синовдан ўтказилган ушбу тажриба жорий йилдан барча оромгоҳларга татбиқ этилади.
Бу йил болаларни соғломлаштириш мавсуми 1 июндан бошланади. Мазкур даврда жами 1 минг 149 та оромгоҳ фаолият кўрсатади, шундан 213 таси стационар, 795 таси кундузги ҳамда 141 таси меҳнат ва дам олиш оромгоҳларидир. Таъкидлаш керакки, мавсум давомида 287 минг 171 нафар болани соғломлаштириш режалаштирилган. Ушбу мақсад учун жами 39 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.
Бу йил ҳам ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш изчил давом эттирилади. Хусусан, Оролбўйи минтақасидан 4,5 минг нафар бола Тошкент шаҳри, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги сўлим оромгоҳларда бепул дам олади.  Касаба уюшмалари томонидан 50 минг оила фарзандлари жамоа шартномалари ва келишувлари орқали бепул ҳамда имтиёзли, Меҳрибонлик уйларининг 2 минг нафар тарбияланувчилари ва жисмоний имконияти чекланган болалар бепул йўлланма билан таъминланади. Қолаверса, 2 минг нафар она-болалар касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда саломатлигини мустаҳкамлайди. Маҳаллаларда яшаётган кам таъминланган оилаларнинг 600 нафар фарзанди ҳамда ота-онасиз болалар бепул дам олиш имкониятидан фойдаланади. Касаба уюшмалари ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида Сариосиё ҳамда Узун туманларида яшовчи кам таъминланган оилаларнинг 100 нафар фарзанди бепул соғломлаштирилади.
Кундузги оромгоҳлар фаолиятини такомиллаштириш, мазмунан бойитишга алоҳида эътибор қаратилди. Кундузги оромгоҳнинг кунлик фаолияти тажриба сифатида соат 8.00 дан 14.00 гача давом этиши кўзда тутилмоқда. Оромгоҳ ёзги майдонча сифатида ташкил этилиб, махсус дастурлар асосида болалар учун маданий-маърифий, спорт тадбирлари ўтказилади ва тўгараклар фаолият юритади. Болалар бир маҳал иссиқ овқат билан таъминланади. Шунингдек, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, қатор вазирлик ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорликда академик лицейлар ўқувчилари учун лицейларда, коллеж ўқувчилари учун турли ташкилотлар ва фермер хўжаликлари қошида соат 08.00 дан 14.00 гача меҳнат ва дам олиш оромгоҳлари ташкил этилади. Бу ерда лицей ўқувчилари ижтимоий-фойдали меҳнат билан шуғулланса, коллеж ўқувчилари ишлаб чиқариш амалиётини ўтайдилар. Қолаверса, улар учун маданий-маърифий тадбирлар ҳамда спорт мусобақалари уюштирилади.
Болаларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, ихтисослаштирилган оромгоҳлар фаолияти янада такомиллаштирилаётганини ҳам айтиб ўтиш ўринли. Бу йил юртимиз бўйича 220 та ана шундай оромгоҳ ташкил қилинади. Шундан 14 таси интеллектуал ривожлантириш, 14 таси сиҳарбий-спорт, 8 таси ижтимоий-мослашув, 14 таси экологик-биологик, 14 таси техник ижодкорлик, 14 таси бадиий ижодкорлик, 141 таси эса меҳнат ва дам олиш оромгоҳи сифатида фаолият юритади. 
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан бир неча йилдан буён Тошкент вилоятидаги “Қуёшли” оромгоҳида интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи фаолияти йўлга қўйиб келинмоқда. Бу йил ушбу масканда турли фанлар бўйича ўтказилган “Билимлар беллашуви”нинг 500 нафар ғолиби бепул соғломлаштирилади. Эътиборлиси, бундай оромгоҳлар бошқа ҳудудларда ҳам ташкил этилади.
Мавсумни самарали ўтказишда вазирликлар ва идоралар ҳамда жамоат ташкилотлари фаоллик кўрсатаётганини алоҳида қайд этиш жоиз. Хусусан, Ички ишлар вазирлиги томонидан оромгоҳларда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида ходимлар бириктирилди, уларга автотранспорт ҳамда алоқа воситалари ажратилди. Халқ таълими вазирлиги томонидан барча оромгоҳларда таълим-тарбия жараёнини мазмунли ташкил этиш, малакали кадрларни йўналтириш чоралари кўрилди. Шу мақсадда 5 та ўқув-услубий қўлланма чоп этилди. Айниқса, тўгаракларни ташкил қилишга жиддий эътибор қаратилиб, чет тилини ўргатиш ва ихтисослаштирилган оромгоҳлар дастурлари янада кенгайтирилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан оромгоҳларда тиббий хизмат кўрсатилиши, санитария-гигиена қоидаларига риоя этилишини мунтазам назорат қилиш чоралари белгилаб олинди.
Оромгоҳларда тубдан янгиланган дастурлар асосида тарбиявий ишларни олиб бориш, болалар маънавиятини юксалтириш, дунёқарашини кенгайтириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган маданий-маърифий тадбирлар, акциялар ўтказилади. “Мустақиллик — менинг тақдиримда”, “Ўзбекистон — бахтиёр болалар мамлакати”, “Касаба уюшмалари — болаларга” акциялари шулар сирасидандир. Ёзувчилар, санъаткорлар, спорт усталари, ёши улуғ инсонлар билан учрашувлар ва давра суҳбатлари ташкил этилади.
Шуни ҳам айтиш зарурки, оромгоҳлар фаолиятини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича олиб борилган таҳлиллар натижасида ёзги соғломлаштириш оромгоҳлари учун болаларга мос қўшиқ, шеър ва мусиқаларга эҳтиёж мавжудлиги аниқланган эди. Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг январь — апрель ойларида Республика ижодий танлови ташкил қилинди. Тақдим этилган 600 дан ортиқ ижодий ишлар орасидан 30 дан зиёд қўшиқ, 100 дан ортиқ шеърлар танлаб олинди. Оромгоҳларда миллийлик ҳамда  ватанпарварлик руҳига йўғрилган куй-қўшиқлар, фильмлардан фойдаланиш мақсадида болаларбоп шеър, куй-қўшиқлардан иборат дисклар, “Ёзги соғломлаштириш оромгоҳлари учун тадбирлар сценарийлари” тўпламлари ишлаб чиқилиб, дам олиш масканларига етказилди. Услубий қўлланмалар, тавсиялар, 37 та номдаги ҳужжатли ва бадиий фильмлар, мультфильмлар билан ҳам таъминланди.
Сирасини айтганда, Республика мувофиқлаштирувчи гуруҳи томонидан болаларнинг ёзги соғломлаштириш мавсумига пухта ва уюшқоқлик билан тайёргарлик кўрилмоқда. Бу юртимизнинг эртанги куни бўлган ўғил-қизларимизнинг мароқли ҳордиқ чиқариб, саломатликларини мустаҳкамлаб олишлари, пировардида таътилни мазмунли ўтказишларига замин яратади. Зеро, шу азиз Ватан ардоғида камолга етган ёш авлод ғамхўрликдан руҳланиб, мамлакатимиз эришаётган ютуқлар салмоғини янада оширишга, унинг халқаро миқёсдаги нуфузини бундан-да юксалтиришга интилиши, шубҳасиз.

Танзила НАРБАЕВА,
Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳи раиси ўринбосари,
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn