Ёшларнинг ижодий беллашуви
  • 21 Май 2015

Ёшларнинг ижодий беллашуви

Урганчда “Юрт келажаги” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда ушбу ижодий беллашувнинг шаҳар ва туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган 15 ёшдан 25 ёшгача бўлган 200 нафардан ортиқ истеъдод эгалари архитектура ва дизайн, ахборот технологиялари, рационализаторлик таклифлар ва техник ишланмалар, тасвирий ҳамда амалий санъат, адабиёт ва журналистика йўналишлари бўйича қобилиятларини намойиш этдилар.

“Камолот” ЁИҲ, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари ҳамкорлигида уюштирилган ушбу тадбир ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш, иқтидор соҳибларини аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга.
— Ёшларнинг мазкур танловда қатнашишга бўлган иштиёқи йилдан-йилга ортиб бормоқда, — дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Хоразм вилояти кенгашининг фаол ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Жалолиддин Шарипов. — Бу йил 3 минг 400 нафарга яқин йигит-қиз “Юрт келажаги” кўрик-танловида қатнашиш истагини билдирди. Бу рақам олдинги йилдагига нисбатан 4 баробар кўп. Муҳими, вилоятнинг энг чекка  қишлоқларидаги ёшлар ҳам танловда иштирок этиб, ўз қобилиятини синаб кўриш, тенгдошлари билан тажриба алмашиш имкониятидан фойдаланишди. Танловда барча йўналиш бўйича ғолиблар аниқланди. Энди улар республика босқичида қатнашади.

* * *
Мазкур кўрик-танловнинг Навоий вилояти босқичи изланувчан ёшларнинг ижодий ишлари ва инновацион ишланмалари кўргазмасига айланиб кетди.
Унда 260 нафардан ортиқ йигит-қиз ўз иқтидорини намойиш қилди.
— Ушбу ижодий беллашувга вилоятимиз табиати, обод шаҳарларимиз ҳамда бугунги фаровон турмушимиз акс этган фотосуратларни тақдим қилдим, — дейди Навоий давлат педагогика институти талабаси Шоҳиста Аслонова. — Ижодий ишларим танлов ҳайъати томонидан биринчи ўринга лойиқ, деб топилди. Бу эътироф мени рағбатлантирибгина қолмасдан, зиммамга катта масъулият ҳам юклайди.
Ўз йўналишида муваффақият қозонган 29 нафар истеъдод эгаси танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. ўолиб ва совриндорларга махсус диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Ойбек РАҲИМОВ,
Азамат  ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn