«Мустақил Ўзбекистон: юксалиш босқичлари»
  • 21 Май 2015

«Мустақил Ўзбекистон: юксалиш босқичлари»

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Мустақил Ўзбекистон: юксалиш босқичлари” номли мультимедияли дастурнинг тақдимотига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллигига бағишлаб Республика Маънавият тарғибот маркази, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори А. Абдувоҳидов, Республика Маънавият тарғибот маркази раҳбари Қ. Қуронбоев ва бошқалар истиқлол йилларида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимиз фаровонлигини янада ошириш, мамлакатимизни жадал тараққий эттиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилаётганини таъкидладилар.
Дарҳақиқат, истиқлол йилларида барча соҳада улкан ютуқлар қўлга киритилаяпти. Эришаётган, дунё ҳамжамияти алоҳида эътироф этаётган беқиёс ютуқ ва марраларимиз мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган оқилона сиёсат самарасидир.
Яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети социологлари томонидан ўтказилган тадқиқот асосида “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” (World Happiness Report) рейтингида Ўзбекистон 158 мамлакат орасида 44-поғонада, Ҳамдўстлик давлатлари ўртасида эса биринчи ўринда қайд этилди. Бу мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар натижалари халқаро миқёсда юксак эътироф этилаётганининг яна бир тасдиғидир.
Истиқлол йилларида турли соҳаларда амалга оширилган янгиланишларни ўрганиш, таҳлил ва тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси томонидан “Мустақил Ўзбекистон: юксалиш босқичлари” номли мультимедияли дастур тайёрланди.
Унда барча жабҳада эришган улкан ютуқ ва марраларимизнинг мазмун-моҳияти тўққиз йўналиш асосида 18 та мавзу орқали очиб берилган. Масалан, мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг шаклланиши ва ривожланиши, тараққиётнинг “ўзбек модели”, суд-ҳуқуқ,  қишлоқ хўжалиги, фан ва таълим, соғлиқни сақлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, ёшларга оид давлат сиёсати ҳамда бошқа яна кўплаб соҳалардаги ислоҳотлар матн ва видеороликлар ёрдамида акс эттирилган. Бу албатта, ҳар бир юртдошимизда катта қизиқиш уйғотиши, уларнинг амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқур ва теран англашида муҳим аҳамиятга эга.
— Мазкур мультимедияли ўқув мажмуаси, аввало, ёшлар аудиторияси, шу билан бирга, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари, ўқувчилар, маънавият тарғиботчилари учун мўлжалланган, — дейди Давлат бошқаруви академияси профессори Абдуллажон Бегматов. — Шундан келиб чиқиб, ҳозир ушбу видео-қўлланмани юртимизнинг барча ҳудудига етказиш ва ундан самарали фойдаланиш учун зарур ишлар амалга оширилаяпти. Ўйлаймизки, ушбу мультимедияли дастур жойларда ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирлар, анжуманлар ва давра суҳбатларида муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Тадбирда “Мустақил Ўзбекистон: юксалиш босқичлари” номли мультимедияли дастурнинг аҳамияти, ундаги мавзулар юзасидан маърузалар тингланди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn