Сув етказиб бериш қуввати ошди
  • 20 Май 2015

Сув етказиб бериш қуввати ошди

Боёвут туманидаги хўжаликлараро “Чап тармоқ” каналида амалга оширилган реконструкция ишларидан сўнг ҳудуддаги “Навбаҳор”, “Тараққиёт” сув истеъмолчилари уюшмалари экин майдонларини суғориш имконияти янада кенгайди.

Яъни аввал ушбу тармоқ орқали ҳар сонияда 1,5 куб метр сув етказиб берилган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич 5 куб метрни ташкил қилмоқда. Бунинг учун каналнинг 3 километрлик қисми бетонлаштирилди, ўзанида нишаблик ва равонлик ҳосил қилинди. Шунингдек, 7 та тақсимлагич иншоот янгиларига алмаштирилди.
— Бунинг натижасида ирригация тармоғида сув исрофгарчилигининг ҳам олди олинмоқда, — дейди Республика қишлоқ хўжалиги корхоналарини қайта қуриш агентлигининг Сирдарё вилояти лойиҳани амалга ошириш гуруҳи мутахассиси Набижон Собиров. — Айтиш лозимки, ушбу лойиҳа Жаҳон банкининг 2 миллиард 600 миллион сўмлик маблағи эвазига ҳаётга татбиқ қилинди.
Ҳозир мазкур халқаро молия муассасаси иштирокида шу тумандаги “1-Боёвут” сув истеъмолчилари ҳудудида сониясига 1 куб метр сув узатиш қувватига эга насос станциясини реконструкция қилиш ишлари тугалланмоқда.


Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn