Шаҳарсозлик тажрибасининг амалий ифодаси
  • 15 Май 2015

Шаҳарсозлик тажрибасининг амалий ифодаси

Пойтахтимизда фойдаланишга топширилган янги кўприк ҳудуд аҳолиси ҳамда меҳмонларга ғоят манзур бўлмоқда. Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан жонажон Ўзбекистонимиз кундан-кунга чирой очиб бормоқда. Айниқса, азим пойтахтимизда қад ростлаётган муҳташам бинолар барча-барчанинг кўзини қувонтираяпти.

Маълумки, Хадра майдонида 2013 йили улкан қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, аҳоли ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун қулай имконият яратиш мақсадида Фурқат кўчасини Зарқайнар ва Себзор кўчалари билан боғлайдиган ер ости автомобиль йўли реконструкция қилинган эди. Бунинг узвий давоми сифатида Себзор кўчаси бўйлаб Абдулла Қодирий кўчаси устидан ўтадиган янги кўприк қурилди. Аввал хабар берилганидек, 12 май куни ушбу кўприк фойдаланишга топширилди. Мустақиллигимизнинг йигирма тўрт йиллиги олдидан пойтахт аҳли ва меҳмонларига улкан туҳфа бўлган мазкур иншоот ҳар жиҳатдан қулайлиги билан юртдошларимизга маъқул келиб, катта таассурот қолдирмоқда. Буни улардан айримларининг дил сўзларидан ҳам билиш мумкин.

Шоҳида ДАДАМУҲАММЕДОВА,
тиббиёт фанлари номзоди,
“Шуҳрат” медали соҳибаси:
— Ер юзида мамлакат кўп, шаҳарлар бисёр, аммо жонажон диёримиз — Ўзбекистонимиз битта. Осмони мусаффо, халқи фаровон, ёшлари илмга чанқоқ, нуронийлари эъзозда, тинч-осойишта шундай юртимиз борлигидан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Ҳадемай, истиқлолимизнинг 24 йиллигини нишонлаймиз. Ватанимиз ва халқимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу сана олдидан мана бу кўприк қурилиб, фойдаланишга топширилганидан жуда-жуда қувондик.
Ишга шу кўчадан қатнайман. Илгари бу ерда тирбандлик кузатиларди. Кўприк фойдаланишга топширилганлиги туфайли ана шу муаммо бартараф этилди. Очиғи, бу иншоот томоша қиладиган, завқланадиган даражада кўркам бўлибди. Президентимизга раҳмат. Давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати боис биз мана шундай фаровонликка эришаяпмиз. Шу боис ҳам аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш борасидаги ишлар натижасида пойтахтимиз тобора обод ва кўркам бўлиб бораётир. Буюк Британиянинг нуфузли “Экономист” журналининг баҳосига кўра, Тошкент шаҳри дунёдаги яшаш учун энг қулай бўлган 140 шаҳар орасида 58-ўринни эгаллагани ҳам бежиз эмас. Бу Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасининг халқаро эътирофидир.

Бахтиёр КАРИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси:
— Кўприкнинг икки томонида пиёдалар учун иккита ер усти ўтиш йўлаги барпо этилгани, уларга чиқиб-тушиш учун зинапоя билан бирга, эскалатор ва лифт ҳам қурилганлигидан ҳайратландим. Қолаверса, бу ерда ёғин-сочинли кунларда ҳимояланиш мосламалари ҳам ўрнатилган. Бундай замонавий, одамлар учун барча қулайлик эътиборга олинган кўприк-иншоотлар дунёнинг баъзи мегаполисларидагина мавжуд. Мазкур иншоот мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлашга қаратилаётган эътиборнинг амалий ифодаси бўлди. Кўриб турганингиздек, бугун ўқувчилар билан кўприкни томоша қилгани келдик. Унинг ёнида  одамлар ҳордиқ чиқариши, болажонлар яйраб ўйнаши учун шароитлар яратилибди. Кўз тегмасин, буларнинг ҳаммаси тинчлик туфайлидир. Бинобарин, давлатимиз раҳбари 9 май — Хотира ва Қадрлаш кунига бағишлаб ўтказилган маросимда мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг бугунги ва эртанги ҳаёти, жаҳондаги мавжуд вазият ҳақида ўта муҳим ва долзарб фикрларни билдирдиларки, бу мулоҳазалар ҳар биримизни ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга янада сергаклик билан қарашга, қолаверса, ана шундай дориламон ва осуда кунларимизни қадрлашга ундайди.

Мансур АЛИЕВ,
меҳнат фахрийси:
— Давлатимиз раҳбарининг чиқишларини телевизор орқали қолдирмай кузатиб бораман. Хотира майдонида айтган сўзлари ҳам қалбимга муҳрланиб қолди. Президентимиз Иккинчи жаҳон урушида 1,5 миллион юртдошимиз қатнашганини, шундан тахминан 500 минг ватандошимиз ҳалок бўлганини айтиб, бу фожиа Ўзбекистондаги биронта хонадонни четлаб ўтмаганини таъкидладилар. Мана шу мисолнинг ўзиёқ урушнинг оқибати нақадар аянчли эканлигини кўрсатади. Бу сўзлардан тегишли хулосалар чиқаришимиз шарт. Ён-атрофимизда кузатилаётган ҳолатлар, турли мамлакатларда рўй бераётган хунрезликлар ҳақида ҳар куни эшитамиз. Шукрки, юртимизда тинчлик-осойишталик. Шунинг учун ҳам мана бундай кўприклар қурилаяпти, ўзгаришлар рўй бераяпти.
Чиндан ҳам, юртимизда инсон ва унинг манфаатларига қаратилган ислоҳотлар ҳар биримизнинг ҳаётимизда яққол бўй кўрсатиб турибди. Юрт тинч экан, барча орзу-ниятларимиз ушалиши, фарзандларимиз камолини кўришимиз муқаррар. Шу маънода, ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган “Тинчлик” деб аталмиш бебаҳо неъматни асраш бурчимиздир.

«Халқ сўзи» мухбири
Мақсуд ЖОНИХОНОВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn