Жамиятимизнинг мустаҳкам пойдевори
  • 15 Май 2015

Жамиятимизнинг мустаҳкам пойдевори

Ҳар бир инсон вояга етиб, жамиятда ўз ўрнига эга бўлгач, оила қуришни, соғлом ва баркамол фарзандларни тарбиялашни мақсад қилади. Зеро, бу — ҳаёт давомийлигининг энг муҳим шарти ҳамда манбаидир. Оила жамиятнинг дуру гавҳарига, мустаҳкам қўрғон ва муқаддас гўшага қиёсланишининг боиси ҳам шунда.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда оила қадр-қиммати янада юксалиб, ҳаётимизнинг чинакам таянчи ва суянчига айланди. Унинг мавқеини юксалтириш, мустаҳкамлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Оила институтини бошқа муҳим ижтимоий тузилмалар билан уйғун тарзда ривожлантириш ҳамда унинг манфаатларини қонуний муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети социологлари томонидан “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” деган мавзуда тадқиқот ўтказилди. Ана шу тадқиқотга кўра, Ўзбекистонимиз мазкур  рейтингда 158 мамлакат орасида 44-ўринни, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ўртасида эса биринчи ўринни эгаллади.
Шу аснода, энг аввало, Конституциямизга унга бағишланган алоҳида боб киритилди. 1998 йилда эса Оила кодекси қабул қилинди. Унда оиладаги маънавий ва моддий мажбуриятлар, эр-хотин ўртасидаги мулкий муносабатлар ҳуқуқий асосини топди.
Юртимизда ҳар бир йилга тараққиётимизнинг муҳим йўналишларини ифода этадиган ном бериш эзгу анъанага айланган. Долзарб вазифаларни ҳал қилиш учун тегишли давлат дастурлари ишлаб чиқилиб, улар ижроси изчил таъминланаяпти. Масалан, шу пайтгача эълон қилинган йил номларига эътибор қаратсак, ҳар бирининг таг-заминида оилалар фаровонлигини ошириш, юртдошларимизнинг бахтли ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган эзгу мақсадлар мужассам эканлигига амин бўламиз.
Барчамизга маълумки, оила мустаҳкамлиги, энг аввало, турмуш қурадиган ёшларнинг ақл-заковати, маънавий фазилатлари, жамият олдидаги ўз бурчи ва масъулиятини чуқур англаб етиши каби омиллар билан чамбарчас боғлиқ. Бинобарин, мамлакатимизда ёш оилаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор  қаратилаётгани бу борадаги ютуқларимиз кўламини кенгайтиришга хизмат қилаяпти.
Эътиборлиси, ана шу йўналишдаги чора-тадбирлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилаяпти. Чунончи, ҳозирги кунда юртимизнинг барча туман ва шаҳарларида барпо қилиниб, фойдаланишга топширилаётган “Камолот уйлари” ёш оилаларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодасидир. Аҳамиятлиси, бу иморатлар бошланғич бадалсиз, йигирма йилга мўлжалланган имтиёзли кредит асосида берилаётир. Ушбу хонадонларга ўқиш ва ишда, спортда катта муваффақиятларга эришган ёш оилалар эга бўлишаётир.
— Муҳаббат, вафо ва садоқат асосига қурилган оила мустаҳкам бўлади, — дейди “Оила” илмий-амалий маркази раҳбари вазифасини бажарувчи Ҳафиза Мамадалиева. — Бундай муҳитда камол топган фарзандлар ҳам давлат ва жамиятнинг маънавий, иқтисодий ривожига ўз ҳиссасини қўша оладилар. Бугун республикамиздаги 7 миллиондан ортиқ оилаларнинг тотувлигини мустаҳкамлаш йўлида марказимиз томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, одамлар, аввало, ёшларда оилавий анъаналарга эҳтиром ва садоқат ҳиссини кучайтириш, уларни ёт ғоялар ҳамда таҳдидлардан ҳимоя қилишнинг самарали усулларини илмий асосда ўрганиш, аҳоли даромадини ошириш учун оилавий тадбиркорлик, касаначиликдан унумли фойдаланишга йўналтирилган лойиҳалар амалиётга татбиқ этилаётир. Қолаверса, оилавий психологик хизматни жорий қилиш, ота-оналарнинг, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш каби вазифалар ҳам эътиборимиз марказида.
Фарзанд — оила қувончи. Унинг ҳар жиҳатдан соғлом ва етук бўлиб улғайиши нафақат ота-она, балки бутун жамият ва давлатга дахлдор вазифадир. Шу боис мамлакатимизда истиқлолнинг илк кунлариданоқ навқирон авлод камолотига қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилаётир.
— Мустақиллик шарофати билан юртимизда “Соғлом она — соғлом бола” Миллий дастурининг амалиётга жорий этилиши ўзининг юксак самараларини бермоқда, — дейди Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси бош шифокори, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси Гулираъно Усмонова. — Хусусан, Президентимизнинг соғлиқни сақлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилган Фармон ҳамда қарорлари асосида юртимизнинг деярли барча вилоятларида она ва бола перинатал ҳамда скрининг марказлари изчил фаолият юритмоқда. Қишлоқ жойларда яшовчи ҳомиладор аёллар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан соғлом наслни шакллантириш учун зарур поливитаминлар билан таъминланаяпти. Ўзбекистонда икки ёшгача бўлган ҳамма болалар бепул эмланаётир. Бу орқали, аввало, эл-юрт саломатлигини асраб-авайлаш, оилаларнинг маънавий камолотини, шу билан бирга, аҳоли фаровонлигини таъминлашга устувор аҳамият берилаётгани қувонарлидир. Зотан, буларнинг бари мамлакатимизда ҳар бир фарзанд меҳр ва эътибор оғушида эканлигини англатади.
Оила қўрғонининг ҳам чиройи, ҳам чароғбони аёл саналади.  Кейинги йилларда юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга керакли шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани замирида ҳам айни шу ҳақиқат мужассам.
— Президентимиз ҳар бир чиқишларида хотин-қизларга ҳурмат ва эҳтиром билдириб, уларнинг оилани тебратиш, турмушимизни янада тўкис қилишдаги хизматларини алоҳида эътироф этадилар, — дейди пойтахтимиздаги 144-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси, “Шуҳрат” медали соҳибаси Машрабхон Умарова. — Аёлларимизнинг яшаш шароитларини янада яхшилашга эътибор қаратадилар. Чунончи, давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ҳам хотин-қизлар учун маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини кўпайтириш борасидаги ишлар ҳақида куюнчаклик билан сўз юритдилар.
Дарҳақиқат, тўкис бахт тушунчаси, асосан, оила бутунлиги, ўзаро тотувлик, фарзандлар камоли билан белгиланади. Бинобарин, Юртбошимиз таъкидлаганидек, бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзод ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn