Бахту саодат қўрғони
  • 15 Май 2015

Бахту саодат қўрғони

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан 15 май — Халқаро оила кунига бағишлаб “Оилам — бахту саодатим манбаи” мавзуида видеомулоқот ўтказилди. Унда тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан энг намунали оилалар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда оилалар фаровонлигини таъминлаш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишга зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароит яратилгани таъкидланди. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қатор фармон ва қарорлар, давлат дастурлари оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, айниқса, кам таъминланган, кўмакка муҳтож оилаларни манзилли ижтимоий ҳимоялаш, ҳар жиҳатдан соғлом авлодни вояга етказишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Айни пайтда мамлакатимизда 7 миллион 560 мингга яқин оилалар мавжуд бўлиб, ҳар йили 250-300 мингта янги оила вужудга келаяпти. Ўтган давр мобайнида оилалар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, оилада ўзаро ҳурмат ва меҳр-муҳаббат муҳитини, юксак ахлоқий ҳамда маънавий қадриятларни шакллантиришга устувор аҳамият қаратилиб, бу борада комплекс чора-тадбирлар рўёбга чиқарилаётир. Хусусан, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими масканларида “Оила психологияси” дарси, олий таълим тизимининг педагогика йўналишида “Оила педагогикаси”, “Оилашунослик” курслари ўқув режасига киритилгани, ўз навбатида,  ёшларнинг  оила, жамият олдидаги масъулиятини ошириш, улар қалбида миллий қадриятларни кенг қарор топтиришда катта ўрин тутмоқда.
Республика Хотин-қизлар қўмитаси томонидан маҳаллаларда ташкил этилган “Оилага кириш”, “Саломатлик”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси”, “Таълим ва тарбия”, “Бандлик” жамоатчилик секторлари оила, никоҳ муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшлар тарбиясини тўғри ташкил этиш, бандликни таъминлаш, аёллар ва болалар, ёшлар саломатлигини мустаҳкамлаш, қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш каби мақсадларга хизмат қилмоқда. Чунончи, 2015 йилнинг ўтган даврида мазкур тузилмалар фаолияти натижасида 2 миллионга яқин оила ўрганилиб, айрим оилалардаги турли келишмовчилик ва низоларнинг олди олинди.
Видеомулоқотда оилаларни ўрганиш натижасида энг намунали, деб топилганлари ҳаёти, улар амалга ошираётган чора-тадбирлар хусусида атрофлича сўз юритилиб, жойларда ушбу тажрибани кенг оммалаштириш зарурлиги қайд этилди. Оилаларни мустаҳкамлашда ижтимоий шерикликни кучайтириш, оилаларга тааллуқли масалаларни кенгроқ ўрганиш ва таҳлил этиш, жамоатчилик секторлари фаолиятини янада самарали ташкил этиш, жойлардаги қўмиталар ишини фаоллаштиришнинг истиқболдаги вазифалари белгилаб олинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn