Истеъдодли ёшлар танлови
  • 15 Май 2015

Истеъдодли ёшлар танлови

Самарқанд шаҳрида “Юрт келажаги” иқтидорли ёшлар республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди. Унда туман ва шаҳар босқичларида сараланган 500 нафардан ортиқ ташаббускор ҳамда фаол йигит-қиз иштирок этди.

“Камолот” ЁИҲ, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари ҳамкорлигида анъанавий равишда ўтказиб келинаётган мазкур танлов истеъдодли ёшларни аниқлаш ҳамда рағбатлантириш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Танловда 15 ёшдан 25 ёшгача бўлган қатнашчилар “Архитектура ва дизайн”, “Ахборот технологиялари, рационализаторлик таклифлар ва техник ишланмалар”, “Тасвирий ва амалий санъат”, “Адабиёт ва журналистика” йўналишларида  билим ҳамда салоҳиятини намойиш этди.
— Ушбу танловнинг нуфузи йилдан-йилга ошиб бормоқда, — дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Самарқанд шаҳар кенгаши раиси Жасур Раҳмонов. — Энг асосийси, йигит-қизлар бошқа кўплаб тенгдошлари ижодий изланишлари билан яқиндан танишиш ҳамда  ўзаро тажриба алмашиш имкониятига эга бўлмоқдалар.
Якуний натижаларга кўра, барча йўналишлар бўйича 33 нафар ғолиб номи аниқланди. Энди улар танловнинг республика босқичида қатнашади.
* * *
“Юрт келажаги” кўрик-танловининг Жиззах вилояти босқичи ҳам юқори савияда ташкил этилди.
Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг илмий ва ижодий ишларини синчковлик билан ўрганиб чиқиб, “Адабиёт ва публицистика”, “Архитектура ва дизайн”, “Ахборот технологиялари, рационализаторлик таклифлар ва техник ишланмалар”, “Тасвирий ва амалий санъат”, “Адабиёт ва журналистика” йўналишларида ғолибларни аниқлади. Улар якуний босқичда вилоят шарафини ҳимоя қилади.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn