Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?
  • 14 Май 2015

Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?

Инсон — бетакрор хилқат. Умр эса  — ўткинчи. Вақтнинг ғаниматлиги ҳар биримизни ҳаётда эзгу амаллар, хайрли ишларни кўпроқ қилишга ундайди. Бу, энг аввало, юртимизда ўтганлар хотирасига эҳтиром кўрсатиш, ҳозир орамизда умргузаронлик қилаётган кексаларимизни қадрлаш борасидаги давлатимиз сиёсатида яққол ўз аксини топмоқда.

Айни пайтда таҳририятимизга юртдошларимиз йўллаган дил сўзларини ўқиб, бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Абдулла НАРЗУЛЛАЕВ,
ҳунарманд (Ғиждувон тумани):
— ўиждувондаги кулоллик музейимизга хорижлик сайёҳлар тез-тез келиб туришади. Бу ерда мамлакатимизнинг турли гўшалари кулоллик мактаби маҳсулотлари, каштачилик буюмлари жамланган. Эсимда, бир сайёҳ музейни томоша қила туриб, “Ўзбекистон халқ амалий санъатида ёрқин ва тиниқ ранглар кўп ишлатилар экан”, деб қолди. “Тўғри пайқабсиз, — дея жавоб бергандим ўшанда. — Чунки тинчликсевар, бунёдкор халқмиз. Осмонимиз ҳамиша мусаффо, осуда бўлишини истаймиз. Бу асарларимизда ҳам ўз аксини топган”.
Президентимизнинг байрам муносабати билан Хотира майдонида билдирган фикрларини тингларканман, беихтиёр хорижлик меҳмоннинг ўша сўзлари ёдимга тушди. Тинчлик бебаҳо неъмат эканини, мустақиллигимизнинг қадр-қимматини янада теран англаб етдим. Айниқса, “Биз кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган савол хаёлимдан кетмай қолди.
Мана, бир мисол. Куни кеча ойнаи жаҳонда мамлакатимиз Президенти Себзор кўчаси бўйлаб Абдулла Қодирий кўчаси устидан ўтадиган янги кўприкни бориб кўрганларида айтган гаплари ҳар бир ватандошимиз қалбида ғурур ва ифтихор туйғуларини янада оширди. Мазкур иншоот чин маънода халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг ёрқин намунаси бўлибди. Негаки, биз, ёши улуғлар яхши биламиз. Илгари битта кўприкнинг қурилишига йиллар керак бўларди. Бу сафар эса замонавий, муҳташам кўприк 8 ойда барпо этилибди. Ундаги қулайликлар, хусусан, пиёдалар учун иккита ер усти йўлаги — ҳамма-ҳаммаси инсон эҳтиёжларини қондиришга мўлжалланган. Оила аъзоларимиз билан, албатта, ушбу кўприкни бориб кўришни ният қилиб қўйдик.
Шубҳасиз, халқимиз бу фаровон кунларга осонликча эришгани йўқ. Бугун шуни чуқур ҳис этган ҳолда, ўз меҳнатимиз, жамоат ишларидаги фаоллигимиз билан эл-юрт ишончини оқлашимиз шарт. Токи, ҳар бир эзгу ишимиз ёшлар учун ибрат мактаби бўлсин!

Турсунбой ФИДОЕВ,
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси (Ангрен шаҳри):
— Фарзандлари гўдаклигидаёқ нобуд бўлаверганидан ота-онам менга Турсунбой деб исм қўйишган экан. Арзандагина ўғил эдим. Улар мени ҳатто шамолдан ҳам асраб катта қилишди. Орзу-умидларим бир олам эди. Кончиликка қизиқардим. Аммо ҳаёт нафақат мени, миллионлаб норғул йигитлар тақдирини ҳам бутунлай бошқа ўзанга солиб юборди. Ўн саккизга кирдим деганимда уруш бошланди-ю, орзуларим саробга айланди. Биз — жангга отланган бир қишлоқ болаларининг ортидан нон тишлатиб қолган оналарнинг ғамгин нигоҳида биргина калом зоҳир эди: “Урушнинг оти ўчсин!”
Билсангиз, бу шунчаки хайрлашув эмас, ростмана видолашув онлари эди. Кўпчиликнинг пешонасига қайта дийдор кўришиш битилмаган экан. Қанчадан-қанча қуролдош дўстларимиз култепага айланган ўрмонларда, совуқ ўлкаларда нобуд бўлиб, қолиб кетди.
Ана шу хотираларни кўп эслайман, гапириб юраман. Биласизми, нима учун? Чунки бу бугунги тинчлик ва осойишталикнинг нақадар улуғ саодат эканлигини чуқурроқ англашга, ҳар бир ўтган осуда кунимизга шукрона айтишга ундайди.
Пойтахтимизда Хотира ва Қадрлаш кунига бағишлаб ўтказилган маросимда Президентимиз билдирган фикрларни телевизор орқали диққат билан эшитиб, шулар ҳақида ўйладим. Юртбошимиз ҳар бир гапни юрагидан ўтказиб, юракка етадиган қилиб айтдилар. Ҳар каломи халқимизнинг қадду бастини кўтарди, кўксини тоғ қилди. Мана, қаранг: Ўзбекистонимиз дунёнинг энг бахтли мамлакатлари орасида 44-ўринда экан. Бундан, албатта, ҳар биримиз фахрланамиз. Билсангиз, бундай ҳаётни кўзга суртса, арзийди. Ёруғ кунларнинг қадрига етайлик, эртамизнинг бундан-да нурафшон бўлиши учун қайғурайлик. Бу барчамизнинг бурчимиз. Буни мен, тўқсон тўртни тўлдириб, ҳаётнинг кўп аччиқ-чучугини тотган, урушни ҳам, очарчиликни ҳам, қаҳатчиликни ҳам кўрган бир нуроний айтаяпман.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn