Янгича ёндашув, юқори натижа
  • 14 Май 2015

Янгича ёндашув, юқори натижа

Тошкентда БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда иқлимий хавфларни бошқариш” лойиҳаси доирасида семинар бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази кўмагида ташкил этилган ушбу тадбирда Қишлоқ ва сув хўжалиги, Фавқулодда вазиятлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси масъул ходимлари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, шунингдек, экологлар қатнашди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда дунёда кузатилаётган иқлим ўзгаришлари оқибатида табиий офатлар хавфи ортиб бораяпти. Бу, ўз навбатида, жамият олдига унинг салбий таъсирини юмшатиш, талафотларнинг олдини олиш каби масалаларни ҳал этиш вазифасини қўймоқда. Лойиҳа доирасида айни шу муаммолар туфайли етказилиши мумкин бўлган зарарларни камайтириш, тежамкор технологияларни қўллаш орқали юқори самарадорликка эришиш чора-тадбирлари кўрилаяпти.
Семинар иштирокчилари эътиборига лойиҳанинг шу каби амалий натижалари тақдим этилди. Хусусан, тажриба сифатида танлаб олинган Қашқадарё вилоятида сувни тежаш ва қурғоқчиликнинг салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида томчилатиб суғориш тизими жорий қилингани, деҳқон ва фермер хўжаликларида ерни лазерли текислаш йўлга қўйилгани обиҳаётни иқтисод қилиш баробарида, баракали ҳосил олиш имконини берди.
Тадбирда лойиҳа доирасида тайёрланган нашрлар, ер ва сувдан оқилона фойдаланиш бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар тақдимотлари ҳам бўлиб ўтди.

С. ИБОДУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn