«Фараҳбахш кунларга етказганига шукр!»
  • 13 Май 2015

«Фараҳбахш кунларга етказганига шукр!»

Мамлакатимизда 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни катта кўтаринкилик билан нишонланди. Телевизор орқали муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг ушбу байрам мазмун-моҳияти, уруш ва меҳнат фахрийларини эъзозлаш, осойишта ҳаётимиз, уни асраб-авайлаш ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини диққат-эътибор билан эшитдим, кузатдим. Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир сўзи барча оила аъзоларимиз қатори мени ҳам жуда-жуда тўлқинлантирди. Беихтиёр кўзларимга қувонч ёшлари келди.

Ахир севинмай бўладими?! Инсон қадри улуғланган, тинчлик барқарор юртда яшаймиз. Улкан бунёдкорликлар рўй бераётгани, халқимиз манфаати, ёшларимизнинг ёруғ истиқболини ўйлаб беқиёс имкониятлар яратилаётгани ана шу осудалик туфайлидир. Юртбошимиз мазкур чиқишларида таъкидлаб ўтган хушхабар, яъни хорижлик социологлар томонидан ўтказилган “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” тадқиқотида жонажон Ўзбекистонимиз 158 давлат орасида 44-поғонани, МДҲ мамлакатлари ўртасида эса биринчи ўринни эгаллагани барчамизни ғурурлантирди. Ушбу рўйхатни тузишда 2012 — 2014 йиллардаги ҳаёт фаровонлигини таъминлайдиган энг муҳим соҳалар бўйича қирқдан ортиқ жиҳатлар қиёсий таҳлил қилинган экан.
Мисол учун, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар миқдори, ижтимоий ҳимоя даражаси, оилалар мустаҳкамлиги, умр давомийлиги, шахс эркинлиги, жамиятдаги хайр-саховат ва ҳамжиҳатлик, аҳолининг хурсандчилигини ўрганиш бўйича ўтказилган сўров натижалари алоҳида инобатга олинган. Буларнинг барчаси мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат ва юртимизда инсон омилига устувор аҳамият қаратилаётгани шарофатидандир.
Бу бежиз эмас, албатта. Масалан, биргина биздек ёши улуғларга, уруш ва меҳнат фахрийларига кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳақида тўхталсам, бундай меҳрнинг адоғи йўқ. Ҳар доим эъзоздамиз, ҳурматдамиз. Шифокорлар уйимизга келиб, ҳол-аҳволимиздан хабар олиб туришибди, саломатлигимизни назорат қилишаяпти, зарурат туғилса, бепул дори-дармон билан таъминлашмоқда. Маҳалла-кўй, турли идора ва ташкилотлар вакиллари келиб, совға-саломлар улашаётгани кучимизга куч, умримизга умр қўшаяпти. Шу боис бу мунаввар кунлар учун ҳар қанча шукроналар айтсак, камлик қилади.
Ҳозир 94 ёшдаман. Умримнинг энг навқирон чоғи уруш деб аталган балою офат даврига тўғри келди. У совуқ кунларни эслашни ҳам хоҳламайди одам. Негаки, ҳар қадамда ажал билан олишардик. Жонимиз ҳар дақиқада омонат бўлиб турганидан бир хавотирлансак, туғилиб-ўсган диёримиз соғинчи, яқинларимиз дийдорини энди наҳотки кўролмаймиз, деган ўй-хаёлдан баттар эзилардик. Бу ҳақда мен тадбирларда, мактаб, коллеж ва лицейлардан йўқлаб хонадонимизга келаётган ёшларимизга бот-бот гапиришдан чарчамайман. Мақсад, улар ҳеч қачон рутубатли кунларни кўришмасин. Бугунги дориламон ҳаётимизни қадрлашсин, улуғлашсин. Ватанига содиқ қолсин, ота-онасини ҳурмат қилсин, азалий анъаналаримизнинг давомчилари бўлсин.
Яратганга беҳисоб шукр, мамлакатимиз мустақиллигини ҳам кўриш насиб этди. Баъзан набираларим кўмагида пойтахтимизни айланаман. Баланд-баланд иморатлар, қурилаётган янги уй-жойлар, истироҳат боғларини кўриб, завқим ошади. Фарзандларимга ҳам “Бугун яшайдиган, юрт равнақи йўлида меҳр бериб фидойилик кўрсатиб ишлайдиган замон келди”, дейман. Бунинг омили — истиқлолимизга умрбоқийлик тилайман. Эзгу нияти амалдаги ишлари билан ҳамоҳанг ижобат бўлаётган, юртимиз ободлиги, турмушимиз фаровонлигини таъминлашда бош-қош бўлаётган Президентимизга соғлик-омонлик тилаб, омон бўлсинлар, деб дуолар қиламан.


Тошкент шаҳрида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Абдувосиқ ота АБДУЛЛАЕВнинг дил сўзини

«Халқ сўзи» мухбири Мақсуд ЖОНИХОНОВ ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Энг яхшилар аниқланди Фахрийлар боғи »