Энг яхшилар аниқланди
  • 13 Май 2015

Энг яхшилар аниқланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилаётган “Ташаббус” кўрик-танловининг Бухоро вилояти босқичи бўлиб ўтди. Унда мазкур анъанавий тадбирнинг қуйи босқичида ғолиб чиққан тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.

Танловнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар юртимизда  ишбилармонлик фаолияти билан шуғулланиш учун қулай муҳит яратилгани, “Ташаббус” эса тадбиркору фермерлар, халқ амалий санъати усталарини қўллаб-қувватлашда алоҳида аҳамият касб этаётганини таъкидладилар.
— Ушбу нуфузли кўрикда қатнашишнинг ўзи катта шараф, — дейди Бухоро туманилик моҳир ҳунарманд Акмал Муҳиддинов. — Бу тадбир кишини янада изланишга, интилишга ундайди. Мен ёғоч ўймакорлигига оид ижод намуналарим билан қатнашдим. Улар бир қатор давлатларда ўтказилган халқаро кўргазмаларда ҳам намойиш этилган. Маълумки, “Устоз — шогирд” анъанаси ҳар бир соҳа ривожида беқиёс ўрин тутади. Шу маънода, ўз ҳунаримни ёшларга ўргатишга ҳам эътибор қаратаяпман. Бухоро шаҳридаги Тоқи Заргарон мажмуасида жойлашган устахонамиз йигит-қизлар билан доимо гавжум. Уларнинг қизиқиши, шижоатини кўриб, қувонаман. Касбимга меҳрим ортади.
Тадбир якунида Бухоро шаҳридаги “Левадия Бухоро” корхонаси раҳбари Илҳом Сайфиев “Энг яхши тадбиркор”, Жондор туманидаги “Бўстон Назар” фермер хўжалиги раҳбари Назар Ҳожиев “Энг яхши фермер”, Бухоро туманилик Акмал Муҳиддинов “Энг яхши ҳунарманд” деб топилди. Бошқа бир қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар номи аниқланиб, уларга ташкилотчиларнинг совғалари топширилди.


Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn