Экологик барқарорликни таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидандир
  • 12 Май 2015

Экологик барқарорликни таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидандир

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида фуқароларнинг атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиши, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойлик ҳисобланиб, уни муҳофаза қилиш лозимлиги белгилаб қўйилган.

Истиқлол йилларида, шунингдек, мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солишга йўналтирилган кўплаб қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, уларнинг ижроси изчил таъминланаётгани туфайли муайян ютуқларга эришилаяпти. Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фаол иштирок этиб, аҳолининг атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир қонун ҳужжатларидан хабардорлигини ошириш, уларнинг экологик маданиятини юксалтиришда яқиндан кўмак бермоқда.
Дарҳақиқат, аҳоли ва юридик шахсларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги билим ҳамда кўникмаларини ошириш мақсадида қўмита томонидан бир қатор амалий чора-тадбирлар кўрилаётир. Бунда, айниқса, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилинаётгани, қўмитанинг интернет тармоғидаги веб-саҳифасига қонунларни бузганлик учун қўлланиладиган таъсир чоралари тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилаётгани кутилган самарани бераяпти. 2015 йилнинг биринчи чорагида табиатни муҳофаза қилишга доир қонунларни бузган мансабдор шахс ва фуқароларнинг сони ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 1,2 баробар камайгани бунинг тасдиғидир.
Таъкидлаш керакки, тадбиркорлик субъектларида атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид қонунчиликка риоя этишда юзага келаётган муаммоли масалаларни зудлик билан ҳал қилиш, уларга тўғри йўл кўрсатиш ва маслаҳат бериш учун марказий аппарат ҳамда барча ҳудудий табиатни муҳофаза қилиш қўмиталарида “Ишонч телефонлари” ишлаб турибди. Бундан ташқари, мунтазам равишда “Очиқ эшиклар куни” ўтказиб келинмоқда.
Жорий йилнинг дастлабки уч ойида қўмита давлат инспекторлари томонидан режали текширишлар ҳамда назорат тадбирлари доирасида жами 2036 та хўжалик юритувчи субъектда тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилди. Шу билан бирга, 80 га яқин семинарлар ўтказилиб, соҳага оид қўлланмалар тарқатилди.
“Очиқ эшиклар куни”да эса тадбиркорлик субъектлари ҳамда фуқароларнинг 140 та муаммоли масаласи тўлиқ ҳал этилди. “Ишонч телефонлари”га тушган 126 та мурожаат ечимига яқиндан ёрдам кўрсатилди.
Таҳлилларга қараганда, тадбиркорлик субъектлари мурожаатларининг аксарияти, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, янги объект қуриш учун ажратилаётган ер майдонларини экологик экспертизадан ўтказиш тартиблари, экологик норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва уни экологик экспертизадан ўтказиш, таркибида озон емирувчи моддалар бўлган асбоб-ускуналарни республика ҳудудига олиб кириш учун рухсатнома олиш, экологик сертификатни расмийлаштиришга оид масалалардан иборатдир. Шу боис қўмита тизимида ушбу масалалар билан шуғулланиш учун алоҳида мутасаддилар тайинланган бўлиб, бу йўсинда мурожаатларнинг ижроси ўз вақтида таъминланмоқда.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 31 декабрдаги “Тадбиркорлик субъектларига давлат ҳизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабидан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишни янада яхшилаш чора-тадбирлари ҳам кўрилаяпти.
Шу йилдан эътиборан тадбиркорлик субъектларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасидаги мурожаатларини “Ягона ойна” орқали қабул қилиш ҳамда жавоб бериш йўлга қўйилди. Бундай қулайликдан, айниқса, кичик бизнес субъектлари вакиллари хурсанд. Негаки, ушбу янгилик уларнинг вақтини тежаши баробарида, муаммолар юзасидан тезкорлик билан жавоб олиш имкониятини яратди.
Ўтган даврда мазкур тизим орқали тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг 2 мингдан зиёд мурожаатлари бўйича тегишли давлат хизмати кўрсатилди.
Буларнинг бари атроф-муҳит мусаффолигига эришиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни сақлашдек эзгу мақсад-муддаолар рўёбига хизмат қилаётир.


Воҳиджон ҲАЙИТБОЕВ,
Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Табиатдан фойдаланиш иқтисодиёти ва уни ташкил қилиш бошқармаси
бошлиғи ўринбосари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn