Тинчлик тумори
  • 11 Май 2015

Тинчлик тумори

Насиб этса, ҳадемай, юз ёш билан юзлашаман. Кўпинча бизни таниган-билганлар, кўргани келганлар гап орасида узоқ яшашнинг сирини сўрашади. Шундай кезларда ярим ҳазил, ярим чин қилиб, “Эй, нимасини сўрайсизлар, бизлар олтмишга кирганда қариб, саксонга чиққанда ёшариб юрибмиз-да”, деб қўяман...

Аслида бу гапда муболаға йўқ. Биласиз, узоқ яшаган одамнинг кўрган-кечирганлари ҳам шунга яраша бўлади. Суронли уруш йиллари халқимиз не-не мусибатларни бошдан кечирганини ёши катталар яхши билишади. Арпа-буғдой ош бўлган, олтин-кумуш тош бўлган кезлар эди. Бошига қандай оғир савдолар тушмасин, бутун оламга фақат эзгулик, меҳр-мурувват улашиб келган халқимизга аталган яхши кунлар мана бу ёқда экан. Қаранг, қандай жаннатмонанд юртда яшаяпмиз. Кўз ўнгимизда юз бераётган ўзгаришларни илгари ким, қачон кўрибди?! Турмушимиз фаровонлиги, дастурхонларимизнинг файзини айтинг! Шаҳару қишлоқларимиздаги бунёдкорлик ишларини кўриб, очиғи, одамнинг ҳайрати ошади. Доимо дилимизда, тилимизда шукрона. Илгари бир иморатнинг бино бўлишини халқимиз бир неча ўн йиллаб кутарди-да, ахир!
Невараларим бири-бирига гал бермай, машинасига солиб, тез-тез пойтахт зиёратига олиб келишади. Ҳар қадамда ўзгариш, янгиланиш. Шу ўзимиз билган Тошкентми, десам кулишади. Ҳаммаёқ обод. Менинг кўз ўнгимда худди шу гўшанинг тупроғини чангитиб, фронтга отланган норғул пайтларим гавдаланади.
Уруш йиллари ортимдан қора хат келган экан. Ўшанда йигирма беш йил пайпаслаб ўстирган боласидан, жигаридан тирик жудо бўлган ота-онам, яқинларим чеккан ғам-қайғуни ўйласам, эзиламан. Бу уруш деган касофат одам бошига нималарни солмайди-я, деб фиғоним фалакка чиқади. Пешонада бор экан, кўпгина қисматдошларим каби она-юртга қайтиш, яқинлар меҳри, дийдорига тўйиш насиб этди.
Энг муҳими, юртимиз озодлигини кўрдик. Бугун эса унинг обод жамолига қараб қувонаяпмиз. Меҳр-оқибатли халқимиз, бағрикенг, ғамхўр Президентимизнинг иззат-эътиборидамиз. Куни кеча бизга атаб ёзилган дастурхон атрофида ўтирарканман, буни яна бир бор ҳис қилдим. Туманимизда яшаётган ўн етти нафар уруш қатнашчиси, йигирмадан ортиқ меҳнат фронти фахрийлари бир даврада жам бўлиб, мириқиб гурунг қилдик. Тадбир ташкилотчилари давлатимизнинг биз, нуронийларга ажратган туҳфаларини тортиқ этишди. Энг қувонганим эса Президентимиз Фармонига мувофиқ, “Иккинчи жаҳон урушидаги ўалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан тақдирланганим бўлди. Бу нишонни ўзимча “Тинчлик тумори” дегим келди.
Рост-да, юртда осудалик бўлмаса, бундай байрамлару иззат-икром қаёқда эди?! Шундай экан, ана шу неъматларнинг қадрига етайлик. Юртимиздаги тинчлик ва хотиржамликка кўз тегмасин, деб дуо қиламиз.
Бир аср яшаб, ҳаётдан топган ҳикматим шу бўлдики, шукроналик — умр зийнати экан. Сабру қаноатли одамнинг кўзи ҳам, кўнгли ҳам тўқ бўлади. Хонадонидан файз-барака аримайди. Бугунги саодатли кунлардан баҳра олиб, эртанинг бундан-да ёруғ бўлишидан умидвор яшаган одамнинг умрига умр, ризқига ризқ қўшилади.

 

Оҳангаронлик
Иккинчи жаҳон
уруши қатнашчиси
Исмоил бобо ЖЎРАЕВнинг
дил сўзини
«Халқ сўзи» мухбири
Ғайрат ШЕРАЛИЕВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn