Эзгу ният ижобати
  • 11 Май 2015

Эзгу ният ижобати

...Навбатдаги қишлоқни озод қилган аскарларга яримвайрона уйлардан  бир тўда болалар пешвоз чиқишди. Юпун кийинган, оч, етим-есир бу ўғил-қизлар халоскор ҳарбийлар олдига бир бурда нон сўраб, чопқиллаб боришар, уларнинг чўпдек озғин қоматлари, уруш даҳшатлари акс этган кўзларига боқиб, юрак алланечук бўлиб кетарди.

Ўшанда Абдураҳмон Сирожев “Бу қирғинбарот жанглардан соғ-омон қолсам, она-юртимга қайтганимда, албатта, новвой бўламан, тандирдан эндигина узилган хушбўй ширмойнонларни, энг аввало, болажонларга улашаман”, дея ният қилганди. Тақдирнинг иноятини қарангки, у мақсадига етди. Урушдан кейин Вобкентга, қадрдон қишлоғи Бадўйга қайтиб, туманнинг манаман деган новвойларидан бирига айланди...
“Бир йигитга қирқ ҳунар оз”, деганларидек, кейин дурадгорликни, устачиликни ҳам ўрганиб, қишлоқдошлари учун кўплаб иморатлар тиклаб берди. Турмуш ўртоғи Нуржиян Аҳмедова билан тўрт қиз, икки ўғилни оқ ювиб, оқ таради. Қизлари Назира, Манзура, Нозик — ўқитувчи, Раъно эса ҳамшира. Ўғиллари Абдурайим билан Абдуҳалим геология соҳасида ишлашади. Тўқсон ёшли пиру бадавлат отахоннинг 45 нафардан зиёд невараю эвараси бор. Улар ўчмаган чироқ шуъласи янглиғ кўнглини чароғон этиб туришибди.
— Бугунги кунда Бухорода Абдураҳмон ота каби Иккинчи жаҳон урушида қатнашган фуқароларнинг 164 нафари умргузаронлик қилмоқда, — дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Юсуф Қурбонов. — Уларнинг ҳар бири эътиборда. Давлат ҳамда жамоат ташкилотлари томонидан нафақат уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, балки барча кексаларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилаяпти. Президентимизнинг 2014 йил 13 октябрда қабул қилинган “1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва 2015 йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилингани бу борадаги ишлар қамровини янада кенгайтирди.
Дарҳақиқат, нуроний отахону онахонларга меҳр-оқибат кўрсатиш, рўзғор ташвишларини енгиллаштириш халқимиз маънавиятидаги эзгу фазилатлардан биридир. “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурига мувофиқ, биргина Бухоро вилоятида уларга ғамхўрлик қилиш, ҳаётларини янада яхшилаш, соғлиқларини мустаҳкамлаш каби эзгу юмушлар учун 182,6 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфлаш кўзда тутилгани бу фикрни яққол тасдиқлайди. Зеро, нуронийларнинг оила ва жамиятдаги, ёшларимизни азалий қадриятларимиз ҳамда анъаналаримиз руҳида тарбиялашдаги ўрни бениҳоя катта.
— Минг карра шукр, юртимиз тинч, турмушимиз фаровон, — дейди Абдураҳмон ота. — Осойишталик ҳукм сурган жойда эса эзгу ишлар кенг қулоч ёзади. Масалан, биз, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, барча кексалар эл-юрт ардоғидамиз. Давлатимиз ғамхўрлигини доимо ҳис қилиб турамиз. Пенсия пули, Хотира ва Қадрлаш куни олдидан бир йўла бериладиган мукофот пули, совға-саломлар, имтиёзлар, санаторийларда бепул дам олиш... Эҳ-ҳе буларнинг қайси бирини айтай?! Ҳурмат-эҳтиром ва ғамхўрликдан бениҳоя мамнунмиз.
Отахон шу сўзларни айтиб турган паллада хонага бир гуруҳ болалар кириб келди. Улар тумандаги 4 ҳамда 17-умумтаълим мактабларининг ўқувчилари экан. Ўғил-қизларни кўриб, отахоннинг кўнгли ёришиб кетди. “Барака топинглар” деган кўйи дуога қўл очди. “Ўзбекистонимиз ҳамиша тинч бўлсин, дориламон кунларнинг қадрига етинглар, мустақилликка муносиб фарзанд бўлинглар”, дея уларга насиҳат қилди.
Зеро, бундай ўгитлар ёшларни эзгу мақсадлар сари чорлаши билан ғоят қадрлидир.


Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn