Ғамхўрликдан мунаввар диллар
  • 11 Май 2015

Ғамхўрликдан мунаввар диллар

Президентимиз ташаббуси билан 1999 йилдан буён мамлакатимизда 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни сифатида кенг нишонланади. Бу санада ўтганлар ёдга олиниб, кекса авлод вакилларига меҳр-мурувват кўрсатилади. Уруш ва меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, уларга совға-саломлар, мукофотлар улашилади. Ана шу эзгу анъаналар юртимизнинг барча ҳудудида ўтказилган байрам тадбирларида яна бир бор яққол намоён бўлди.

Умрининг навқирон палласини фронтда ўтказган инсонлардан 89 нафари, фронт орти меҳнаткашларидан 1977 нафари фарзандлари, ёр-биродарлари даврасида Хотира ва Қадрлаш кунини тантанали тарзда нишонлади. Байрам арафасида уларнинг барчасига алоҳида иззат-икром кўрсатилди. Санага бағишланган асосий тадбир Нукус шаҳридаги Хотира майдонида бўлиб ўтди. Унда Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.
— Давлатимиз томонидан биз, кексаларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликдан беҳад миннатдормиз, — дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, чимбойлик Давлетяр Алламуратов. — Энг муҳими, бундай эҳтиромни нафақат байрамларда, балки ҳар куни, ҳар қадамда ҳис қилиб яшаяпмиз. Буларнинг бари юртимизда инсон манфаатлари устувор эканлигининг яққол тасдиғидир.

Иккинчи жаҳон уруши билан тақдири боғланмаган бирорта хонадон йўқ. Шу боис Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган тадбирлар вилоятнинг барча ҳудудида кўтаринки руҳда ташкил этилди. Жойларда уюштирилган маросимларда 170 нафар уруш қатнашчиси ҳамда
5 мингдан зиёд меҳнат фронти фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди. Жумладан, маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, истироҳат боғларида уруш ҳамда меҳнат фронти фахрийларининг матонати, жасорати, қаҳрамонликлари, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимиз ҳақида суҳбатлар ўтказилди.
9 май куни эса Андижон шаҳридаги тубдан реконструкция қилиниб, қайта чирой очган Хотира ва қадрлаш майдони янада файзга тўлди. Бу ерда давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари ва ёшлар иштирокида ўтганлар ёдга олиниб, кексаларга эъзоз кўрсатилди. Шундан сўнг нуронийлар вилоят марказидаги “Тарона” тантаналар саройида бир пиёла чой устида дилдан суҳбат қуриб, ҳордиқ чиқардилар.

Пиру бадавлат отахон ва онахонлар хонадонлари кун-кунора меҳмонлар билан гавжум. Байрам арафасида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан Иккинчи жаҳон урушининг 22 нафар қатнашчисига телевизорлар тақдим этилди. 63 нафар
100 ёшдан ошган нуронийга ҳам совға-саломлар улашилмоқда.
— Шундай кунларга етказганига шукр, — дейди Бухоро шаҳрида яшовчи уруш қатнашчиси Жунайд Олимов. — Президентимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликдан беҳад миннатдормиз. Бу эътибор кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшаётир.
Байрамнинг асосий тадбири 9 май куни Бухоро шаҳридаги марказий истироҳат боғида бўлиб ўтди.

Вилоятда айни кунда 100 нафардан зиёд Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ҳамда 2400 га яқин меҳнат фронти фахрийси умргузаронлик қилмоқда. Байрам арафасида уларнинг кўнглига хушнудлик улашилди. Нуронийларга меҳр-мурувват кўрсатилди.
Кеча Жиззах шаҳридаги Хотира ва қадрлаш мажмуасида эрта тонгданоқ уруш
ҳамда меҳнат фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳаллалар фаоллари, шунингдек, ёшлар жам бўлди. Улар Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди. Шундан сўнг уруш ва меҳнат фахрийларига байрам дастурхони ёзилди.

Вилоятнинг Қизилтепа туманида яшовчи Ҳасан Ёқубов пиру бадавлат отахонлардан.
94 ёшли бу инсон Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси. Байрам куни уни сўроқлаб қўни-қўшнилар, маҳалла фаоллари келишди. Отахон бу эътибордан хурсанд. Айниқса, Президентимиз фармонлари асосида топширилган “Иккинчи жаҳон урушидаги Fалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали ҳамда пул мукофоти, ҳомийларнинг совғалари уни бениҳоя тўлқинлантириб юборди.
Вилоятда уруш кўрган 112 нафар нуроний бор. Шунингдек, фронт ортида ишлаб, машаққатли кунларни бошдан кечирган 2250 га яқин меҳнат фронти фахрийси истиқомат қилмоқда. Уларнинг бир қисми 9 май куни вилоятдаги Хотира майдонига тўпланди. Бу ерда байрам муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди.

Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан ҳунармандлар томонидан миллий услубда ясалган махсус нақшинкор лаганлар фахрийлар хонадони тўридан жой оладиган бўлди. Эътиборлиси, 155 нафар уруш қатнашчисининг ҳар бирига тақдим этилган ушбу эсдалик совғасига уларнинг суратлари туширилган бўлиб, остига тўрт қатор шеър битилган.
— Мана, бир неча кундирки, хонадонимиздан меҳмонлар қадами узилмайди, — дейди Наманган шаҳрининг Яккасада маҳалласида истиқомат қилувчи уруш фахрийси Тўрамирза ота Дадамирзаев. — Яқинда шаҳар ҳокимлиги вакиллари Юртбошимиз Фармони асосида “Иккинчи жаҳон урушидаги Fалабанинг
70 йиллиги” эсдалик юбилей медали, пул мукофоти ҳамда ўзларининг совғаларини топшириб, байрам қувончига қувонч қўшишди. Атроф невара-чевараларим келтирган гулдасталар билан тўлди. Шунда Ватан равнақи йўлидаги фидойилик авлодлар томонидан муносиб қадрланаётганини кўриб, кўзимга севинч ёшлари келди.

Вилоят марказидаги Хотира майдонида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган 48 минг 500 нафар ота-бобомиз номлари абадийлаштирилган. Зарҳал китобларда қайд этилган ана шу фидойи инсонлар байрам арафасида уларнинг фарзандлари, яқинлари, дўст-биродарлари томонидан яна бир бор ёдга олинди. 9 май куни бу ерда ташкил қилинган маросимда эса ўтганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.
— Вилоятимизда 6074 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийси умргузаронлик қилаяпти, — дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Ҳасан Нормуродов. — Президентимиз фармонлари асосида улардан 1074 нафарига “Иккинчи жаҳон урушидаги Fалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали ҳамда пул мукофотлари топширилди.

56 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 1300 нафардан ортиқ фронт ортида меҳнат қилган фахрийларга байрам арафасида “Камолот” ЁИҲ, Ўзбекистон фахрийларини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси вакиллари томонидан алоҳида иззат-икром кўрсатилди. Уларга “Иккинчи жаҳон урушидаги Fалабанинг
70 йиллиги” эсдалик юбилей медали, пул мукофотлари, телевизор, мобиль телефонлари, дори-дармонлар, озиқ-овқат маҳсулотлари тантанали равишда топширилди. Байрам арафасида 40 нафардан зиёд нуронийлар ҳомийлар ташаббуси билан Тошкент шаҳрида бўлиб, пойтахтимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик жараёнлари билан танишдилар, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишди.

Мамлакатимиз жанубида жойлашган ушбу вилоятда ҳам  9 май — Хотира ва Қадрлаш куни кенг нишонланди. Хусусан, барча туман ва шаҳарларда давлат ҳамда жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ўқувчилар, талабалар, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар, уч авлод учрашувлари ўтказилди. Анъанага мувофиқ, бу галги айём арафасида вилоятдаги муқаддас қадамжолар, тарихий обидалар, қабристонлар, маҳалла гузарлари ободонлаштирилди, янги гулзорлар ташкил этилди.
Хотира майдонида ўтказилган тадбирда сўз олганлар бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизнинг қадрига етиш, шукроналик туйғусини ҳис қилиш, уруш ва меҳнат фахрийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритдилар.

Бўлиб ўтган маросимларда бугунги дориламон кунлар учун жонфидо этган юрт фарзандлари ёд этилиб, нуронийларимизга алоҳида эҳтиром кўрсатилди.
Санага бағишланган асосий тантанали маросим Олмалиқ шаҳридаги Хотира майдонида ташкил қилинди. Кенг кўламли таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларидан сўнг сўлим ҳамда кўркам қиёфа касб этган муаззам майдон уруш ва меҳнат фахрийлари, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳаллалар фаоллари, ёшлар билан гавжум бўлди.

Қутлуғ сана муносабати билан уюштирилган тадбирларда 462 нафар нуронийга “Иккинчи жаҳон урушидаги Fалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали топширилди. Шунингдек, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, Касаба уюшмалари вилоят Кенгаши, вилоят “Дори-дармон” бошқармаси ҳам саховат тадбирларига муносиб ҳисса қўшди. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан эса фахрийларга замонавий телевизорлар туҳфа қилинди.
Вилоят марказидаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш маросимида кекса авлод вакиллари бугунги дориламон кунлар, тинч-осойишта ҳаётимиз учун шукроналик туйғуларини изҳор қилдилар.

Жасорат, бурч, матонат. Бу сўзлар замиридаги теран маънолар юрт тинчлиги, осойишталиги йўлида чинакам мардлик ва фидойилик намуналарини кўрсатган, ўз меҳнати билан мамлакат ободлиги ҳамда равнақига ҳисса қўшиб яшаган ҳар бир инсоннинг умр йўлларини ёритиб туради. Хоразмда Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан ўтказилган тадбирларда мазкур эътирофлар қайта-қайта янгради. Юртнинг мард ўғлонлари номи, уларнинг жасорати тилга олинди. Хусусан, Урганч шаҳридаги Хотира майдонида уруш ва меҳнат фахрийлари, корхона ҳамда ташкилотлар фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари ва талаба-ёшлар Мотамсаро она ҳайкали пойига тантанали равишда гулчамбарлар қўйиб, Иккинчи жаҳон урушида қатнашган фидойи
ота-боболаримизнинг иродаси, матонати олдида бош эгдилар.

— Инсон ёши улғайгани сайин эътибору эъзозга эҳтиёжи ортиб бораверар экан, — дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, Нишон туманилик Дўсмурод бобо Назаров. — Шу боис баъзида бир оғиз ширин сўздан ҳам кўнглим тоғдек кўтарилиб кетади. Атрофимда фарзандларим, невараю чевараларим гиргиттон. Маҳалла-кўй, қўни-қўшнилардан миннатдорман. Ҳол сўрашни канда қилишмайди. Юртбошимизга минг раҳмат. Байрам муносабати билан “Иккинчи жаҳон урушидаги Fалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали ҳамда пул мукофоти билан тақдирландик. Бугун бундай ғамхўрликдан чексиз миннатдормиз.

Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган бундай тадбирлар туман ҳамда шаҳар марказлари, чекка ва олис қишлоқларда ҳам кўтаринки руҳда нишонланди.


«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ҳаёт сабоғи Эзгу ният ижобати »