Ҳаёт сабоғи
  • 11 Май 2015

Ҳаёт сабоғи

Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Султон бобо Ҳасанов Юнусобод туманининг Оқтепа маҳалласида истиқомат қилади.

Файзли хонадон кексасининг суҳбатини олган киши тинчлик, осойишталик деган улуғ неъматларнинг қадрини янада теранроқ англайди. Бугунги дориламон кунлар шукуҳидан тетик, фарзандлари, яқинлари даврасида иззат-икромда умргузаронлик қилаётган отахон суронли уруш йиллари билан боғлиқ хотираларини ҳамиша изтироб билан эслайди.
— Оиламизда уч эркак — отам ва биз, икки ака-ука эдик, — дейди Султон бобо. — Учовимизнинг ҳам пешонамизга уруш заҳматини тортиш битилган экан. Отам оёғи билан кетиб... замбилда қайтди. Мен меҳнат фронтига отландим. Ёлғиз акам Мирғани эса бутун оиламизни фироғида куйдирди. Дастлабки йили акамдан олтита хат олганмиз. Барчасини сақлаб қўйибман. Кейинчалик хат-хабар тақа-тақ тўхтади. Ўша кезлар ота ҳовлимиз Себзорда эди. Қаёққа қарасак, мунғайиб қолган ёғоч дарвозамиз ланг очилиб, акам кириб келгандек бўлаверади. Йигирма беш йил ҳар куни ўғлини кутиб яшади онамиз. Ниҳоят, етмишинчи йилда акамнинг дараги чиққанда, зиёратга бориб, рамзий қабридан бир сиқимгина хок олиб келганмиз. Шугина онажонимга таскин бўлди, омонатини хотиржам топширди.
Эҳ-ҳе, ўша кезлар уларнинг тортган оҳу-нолаларини эсласам, дунё кўзимга тор бўлиб кетади. “Уруш дегани шунақа экан-да”, чидамай иложинг қанча, дейман ўзимга ўзим. Билсангиз, у пайтда ҳеч кимга осон бўлмаган, лекин ҳаммадан ҳам онажонларимиз қийналгани рост. Шуларни эслаганда, ҳар доим бир гапни такрорлаб чарчамайман: онажонлар сочи бевақт оқармасин, келинчаклар чеҳраси гулгун бўлсин, гўдаклар юзи сарғаймасин, десак, тинчликни асрайлик, қадрига етайлик.
Султон бобо Ҳасанов уруш тугагач, пароканда рўзғорини тиклади. Қирқ йил темир йўл соҳасида ишлади. Икки фарзандни вояга етказди, ўқитди, уйли-жойли қилди. Етти невара, тўққиз эваранинг ҳам бирин-кетин бўйи етиб, тўйларини ўтказишди. Тўқсондан ошиб қўлига ҳасса олмаган отахон маҳалла-кўйда неки байрам, неки маросим бўлса, ҳаммасига бош-қош.
— Бизга аталган яхши кунлар буёқда экан, мана. Юртимиз озод, турмушимиз обод, кўнглимиз шод, — дейди Султон бобо. — Минг шукрки, кўчаларимиздан қурол тутган жангчилар эмас, келиннинг уйига никоҳга кетаётган куёвжўралар ўтади. Ўқ овозидан эмас, суннат тўйининг сурнайидан уйғонаяпмиз. Бутун мамлакатимизда тантаналар, эзгу амаллар бўлаяпти. Бундан ортиқ бахт борми?!
Ажаб, инсон боласи изтиробга тушганда ҳам, қувонганда ҳам кўзига ёш олади. Ҳалигина суронли йиллар даҳшатию ўғлини кутиб ўтган мушфиқ она қисматидан кўзи ёшланган бобонинг дийдалари тағин намланди. Фақат буниси хурсандчилик ёшлари эди...


Fайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
СУРАТДА: Султон ота Ҳасанов набиралари даврасида.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn