Юксак марраларни кўзлаган авлод
  • 11 Май 2015

Юксак марраларни кўзлаган авлод

Сурхондарё вилоятида “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ўтказилган ёшлар фестивалида 41 минг нафардан зиёд ўғил-қиз иштирок этди. Мустақиллигимизнинг 24 йиллиги муносабати билан “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ташкил қилинган ушбу акция доирасида воҳадаги барча таълим муассасаларида ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ва маданий мавзуларда учрашувлар, давра суҳбатлари, танлов ҳамда семинарлар уюштирилди.

Тадбирларда депутатлар, ёзувчи-шоирлар, олимлар, актёрлар ҳамда таниқли эстрада хонандалари қатнашгани фестиваль нуфузини янада оширди. “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!”, “Сиз севган қаҳрамонлар”, “Оммавий маданият” ва ёшлар маънавияти”, “Депутат ва ёшлар”, “Замонамиз қаҳрамонлари” каби 15 га яқин лойиҳалар сурхондарёлик йигит-қизларда катта таассурот қолдирди. “Президентимиз асарлари билимдони”, “Иқтидор эгаси — обод юрт эртаси”, “Қувноқлар ва зукколар”, “Заковат” танловлари эса янги авлод вакилларига ўз истеъдод ҳамда салоҳиятларини намойиш этишга кенг имконият яратди.
Айниқса, Термиз шаҳридаги муҳташам “Ёшлар маркази”да ўтган учрашув ниҳоятда қизғин кечди. Мулоқот чоғида воҳада ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилиши юзасидан кўплаб ижобий фикрлар, мулоҳазалар ва амалий таклифлар билдирилди. Хусусан, йигит-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш,  бандлигини таъминлаш, таълим сифатини ошириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
— Бугун ёшларимиз юртимиз келажагининг ҳақиқий эгалари бўлиб камол топмоқдалар, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Даврон Тангиров. — Уларнинг билим ва дунёқараши кенг. Фикри теран. Тафаккури бой. Ушбу фестиваль ҳам сурхондарёлик навқирон авлод вакилларини бир мақсад остида бирлаштириб, уларни янгидан-янги марралар сари руҳлантиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирги пайтда воҳа ёшлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар. Биргина спорт соҳасида Шарофиддин Лутфуллаев ва Ситора  Ҳамидованинг 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларига ҳамда Фахриддин Ҳамроев ва Маъруфжон Лутфуллаевнинг XV Паралимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритганлиги, хонанда Нафиса Наимова, раққоса Сайёра Шодиева ҳамда мақомчи Зилола Хайруллаеванинг нуфузли халқаро кўрик-танловларда ғолиб бўлганлиги бунинг тасдиғидир.
Фестиваль якунида вилоят марказидаги “Сурхон” спорт мажмуасида тантанали маросим ўтказилди. Унда фаол қатнашчиларга қимматбаҳо совғалар топширилди. Таниқли эстрада хонандалари иштирокидаги гала-концерт тадбирга янада файз киритди.


Гулбаҳор ТАНГИРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Бахтиёрлик шукуҳи Обод юртда турмуш фаровон »