Хотин-қизлар ҳуқуқлари — жамоатчилик нигоҳида
  • 09 Май 2015

Хотин-қизлар ҳуқуқлари — жамоатчилик нигоҳида

Пойтахтимизда ўзбек ва рус тилларида чоп этилган “Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини мониторинг қилиш бўйича миллий концепция” китобининг тақдимоти ўтказилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази ҳамда БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда тегишли вазирлик, идоралар, таълим муассасалари, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари ҳамда журналистлар қатнашди.
Таъкидланганидек, юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга зарур шарт-шароит яратилган. Хотин-қизлар ҳуқуқларининг кафолатлари Конституция ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида ўз ифодасини топган бўлиб, бу имкониятлардан аёллар самарали фойдаланган ҳолда, жамият ва давлат ишларини бошқаришда, Ватанимиз тараққиётига улуш қўшишда муносиб иштирок этмоқда.
Ўзбекистонда хотин-қизлар манфаатлари ифодаланган қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, БМТнинг Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси (CEDAW) ратификация қилинган.
Тақдимотда сўзга чиққанлар “Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини мониторинг қилиш бўйича миллий концепция” китоби мамлакатимиздаги хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя этиш бўйича миллий қонунчиликни мониторинг қилишни ривожлантириш борасидаги мавжуд ҳолат таҳлилига мўлжалланганини таъкидлашди.
— Бугунги кунда жамиятимиз ҳаётининг ҳамма соҳасида, хусусан, суд-ҳуқуқ тизими, нодавлат ташкилотлар фаолияти, ижтимоий тизимларда аёлларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти даражаси ҳамда ижтимоий фаоллиги ошиб бораётганини кузатиш мумкин, — дейди Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази директори Диловар Кабулова. — Албатта, бу юртимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган юксак эътибор натижасидир. Шунга кўра, мазкур нашрда хотин-қизлар ҳуқуқларини тизимли мониторинг қилишнинг илмий-назарий асослари ёритилган бўлиб, у мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи давлат ва бошқарув идоралари ходимлари, олимлар, ўқитувчилар ва талабаларга мўлжалланган.
Тадбирда ушбу нашрнинг аҳамияти, уни кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб этиш ва бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш  масалалари юзасидан қизғин фикр-мулоҳазалар, амалий таклифлар билдирилди. 


Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn