«Ташаббус — 2015»: Эътироф ва рағбат
  • 09 Май 2015

«Ташаббус — 2015»: Эътироф ва рағбат

Мамлакатимизда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ташаббус” кўрик-танлови энг фаол тадбиркор, фермер ва ҳунармандларни аниқлаб, муносиб рағбатлантириш, уларнинг илғор тажриба ҳамда ютуқларини оммалаштиришга хизмат қилмоқда.

Шу боис мазкур тадбир нуфузи йилдан-йилга ортиб бораяпти. Хусусан, танловнинг Самарқандда ташкил этилган туман ва шаҳар босқичларида 594 нафар иштирокчи ўз маҳсулотлари билан қатнашган бўлса, вилоят миқёсидаги танлов маҳаллий  ишлаб чиқарувчиларнинг ўзига хос ярмаркасига айланди. Унда ҳар бир номзоднинг фаолияти ҳакамлар ҳайъати томонидан белгиланган мезонлар асосида баҳолаб борилди. Якунда Самарқанд шаҳридаги “Zarafshon tekstil” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Суҳроб Насритдинов “Энг яхши тадбиркор” йўналиши бўйича ғолиб, деб топилди. Самарқанд туманидаги “A`zam azamat agro” фермер хўжалиги раҳбари Аҳматжон Султонов “Энг яхши фермер”, Самарқанд шаҳрилик Мансур Асадов эса “Энг яхши ҳунарманд” номига муносиб кўрилди. 
Шунингдек, танлов доирасида “Энг яхши ёш тадбиркор”, “Энг яхши тадбиркор аёл”, “Энг яхши инновацион лойиҳа”, “Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор”, “Менинг юртим — менинг ифтихорим”, “Энг яхши оилавий бизнес соҳиби”, “Энг яхши экспортчи” каби қатор йўналишлар бўйича ҳам совриндорлар номи аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди. Тадбирда вилоят ҳокими З. Мирзаев иштирок этди.


Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Бахтиёр МУСТАНОВ

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn