Аҳоли манфаатларини таъминлаш масъулияти
  • 09 Май 2015

Аҳоли манфаатларини таъминлаш масъулияти

Президентимизнинг 2015 йил 23 январдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар, чунончи, қонунлар жойларда қандай ишлаётгани устидан депутатлик назорати ўрнатиш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиялар гуруҳлари фаолиятини янада жонлантириш ҳамда барча бўғиндаги ижро этувчи тузилмаларнинг минтақалар ижтимоий-иқтисодий тараққиётига таъсирини ошириш каби чора-тадбирлар маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида дастуриламал бўлмоқда.

Айни пайтда халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссиямизнинг асосий эътибори халқ депутатлари вилоят Кенгаши муҳокамасига киритиладиган масалаларга қаратилган бўлиб, давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисидаги маърузаси иш режамизда алоҳида ўрин эгаллаган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, давлат дастурларининг бажарилишини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш, қишлоқлар ободлигини таъминлаш, аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга қаратилган ишлар кўламини кенгайтириш, буни доимий комиссия йиғилишларида атрофлича муҳокама этиш, тегишли тавсиялар ишлаб чиқиш каби масалалар асосий йўналишларимиздандир.
Маълумки, долзарб вазифаларни ўз вақтида, тўлиқ бажаришда депутатлар фаолиятини тўғри ташкил қилиш муҳим ўрин тутади. Бинобарин, доимий комиссиялар ишининг самарадорлиги унинг таркибида иш олиб бораётган депутатларнинг фаоллигига, ўз ваколатлари доирасида ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал эта олиш салоҳиятига, сайловчилар ишончини оқлашни асосий мезон, деб билишига бевосита боғлиқ. 
Шу боис доимий комиссиямиз фаолиятида туманлар кесимида ижтимоий-маданий масалаларни таҳлил этиш, ўрганиш кенг ўрин эгаллаган. Доимий комиссия аъзолари томонидан Президентимизнинг 2011 йил 30 майдаги “2011 — 2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг Шовот туманидаги ижроси ўрганилганида, бу борада бир қатор ишлар амалга оширилгани маълум бўлди. Хусусан, туманда 11 нафар ёлғиз кекса рўйхатга олинган, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида улар ҳомийлар томонидан бепул озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон воситалари билан таъминланган, тикувчилик ва сартарошлик хизматлари кўрсатилган, газета ҳамда журналларга обуна қилинган. Шу билан бирга, доимий комиссия аъзолари мазкур қарорнинг ижросини таъминлашда ҳомийлар, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакилларини кенгроқ жалб этиш, мавжуд камчиликларни бартараф қилиш юзасидан ўзларининг тавсияларини беришди.
Бугунги кунда доимий комиссиянинг ҳар бир аъзоси ўзи сайланган туман ёки шаҳардаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига эътиборни кучайтириш, мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш юзасидан депутат назоратини ўрнатиш, бошқача айтганда, олдимизда турган вазифаларни ўз вақтида бажариш юзасидан қизғин фаолият олиб бормоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида доимий комиссия аъзолари томонидан сайловчиларнинг юзга яқин мурожаат ва таклифлари ўрганилиб, уларга ижобий ечим топилганлиги ҳам буни тасдиқлаб турибди.
Депутатлар ташаббускорлиги масаласи халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятининг асосий негизларидан биридир. Айни пайтда долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш юзасидан депутатларнинг асосий таклифларини доимий комиссиялар, маҳаллий Кенгашлар йиғилишларида муҳокама этишга алоҳида эътибор берилаётир. Бундай саъй-ҳаракатлар сайловчиларнинг қувонч ва ташвишлари билан яшаш, уларнинг фикрларини, таклифларини ўз фаолиятларида акс эттириш асосий мезон эканлигидан далолатдир. Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг ўтган даврида доимий комиссия аъзолари томонидан ўндан зиёд ташкилотлар раҳбарларига депутатлик сўрови билан мурожаат қилинди. Уларда, асосан, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, йўловчиларга кўрсатилаётган транспорт хизмати, автомобиль йўлларини таъмирлаш ҳамда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш масалалари қамраб олинган. Ҳозирги вақтгача уларнинг аксарияти ўзининг ижобий ечимини топди.
Мухтасар айтганда, қонунлар ижросини таъминлашда фаоллик кўрсатишимиз бугуннинг долзарб вазифасидир. Зеро, юртимизда кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатларга шу орқали муносиб улуш қўшишимиз, шубҳасиз, аҳоли манфаатларини таъминлаш, ҳаётимизни янада фаровон қилиш, Ватанимиз тараққиётини юксалтириш йўлида муҳим амалий қадам бўлади.


Раимберган САБУРОВ,
халқ депутатлари Хоразм вилояти
Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш
масалалари бўйича доимий комиссияси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn