Ҳар сўзида ибрат мужассам
  • 09 Май 2015

Ҳар сўзида ибрат мужассам

Пойтахтимиз марказида жойлашган Хотира майдони ҳамиша одамлар билан гавжум. Айниқса, Хотира ва Қадрлаш куни арафасида бу ерга ташриф буюрувчилар сафи янада кенгаяди. Улар Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, шу орқали Иккинчи жаҳон урушида жонфидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат кўрсатишади.

Зеро, ўтганларни ёд олиш, юртимиздаги тинчлик ва фаровонликдан беҳад миннатдор бўлиб, умргузаронлик қилаётган, бебаҳо неъмат қадрини навқирон авлодга уқтираётган отахону онахонларни қадрлаш, уларни эъзозлаш азалий анъаналаримизга ҳамоҳанглиги билан янада аҳамиятлидир.
— Эл-юрт осойишталиги учун курашган инсонлар ҳамиша халқимиз ардоғида, — дейди Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси Бахтиёр Каримов. — Ота-боболаримизнинг жасоратини улуғлаш мақсадида мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Хотира майдони ана шундай эзгу ниятда барпо этилган табаррук зиёратгоҳдир. Бу жой аждодларимиз мардлиги ҳақида келажак авлодга сабоқ берадиган масканга айланган, десак, асло янглишмаймиз.
— Ёшларни ватанпарвар, фидойи, шижоатли қилиб тарбиялашда, аввало, уларга ота-боболаримизнинг жасорат ва садоқатини англатиш биз, устозларнинг вазифасидир, — дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ўқитувчиси Дилафрўз Азимбоева. — Шу маънода, бир гуруҳ талабалар билан Хотира майдонига келдик. Фарзандларимиз мусаффо осмон ва фаровон ҳаёт орзуси, дориламон кунларга етиш умидида курашган юртдошларимиз номини хотирлаш билан бирга, ўтмишимиздан хабардор бўлмоғи керак. Шундагина улар тинч ва осуда кунларнинг қадрига етиб, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан камол топади. Эл-юрт равнақига ҳисса қўшишга интилади.
— Янгийўл туманининг Ислоҳот маҳалласида яшаймиз, — дейди ўзини Оқилжон Аввалов деб таништирган отахон. — Урушнинг номи ўчсин, оғир кунларни биз кўрдик, бошқа ҳеч ким кўрмасин. Шунинг учун ҳам биз, кексалар осойишталик қанчалик азиз неъмат эканини яхши англаймиз. Болалигимиз уруш даврига тўғри келди. Оталаримиз, акаларимизни жангга олиб кетишган. Уларнинг айримлари ҳалок бўлди, баъзилари тирик қайтди, бировлари ногирон. Ташвишлар ичида ўсиб, тез улғайдик. Очлик, қаҳатчилик азобларини кўрдик. Йўқчилик, нотинчлик балосидан қанчадан-қанча болалар нобуд бўлди. У кунлар ҳақида гапирсак, ҳозирги ёшлар ишонмаслиги мумкин. Илоҳим, қўрқинчли тушдай ортда қолгани рост бўлсин. Мустақиллик шарофати билан янги ҳаёт бошладик. Бугун роҳату фароғатда яшаяпмиз. Иззат-икромдан умримизга умр қўшилаётгандай. Ниятимиз, бугунги дориламон кунларимиз, обод турмушимизга кўз тегмасин.
— Ҳар йили Хотира ва Қадрлаш кунида бу ерга келиб, хотира китобини варақлайман ҳамда ундаги отам ва акамнинг исмига тикилиб, таскин топаман, — дейди Чўлпон опа Султонова. — Бу ўтганлар ёди унутилмаслиги, ота-боболаримиз жасорати беиз кетмаганининг ифодасидир.
Дарҳақиқат, нуронийларнинг ҳар сўзидан ҳикмат топасиз, ҳар каломидан ибрат оласиз. Уларга нафақат байрамларда, балки доимо эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётгани юртимизда инсон қадри улуғ эканининг яққол тасдиғидир. Зеро, кексалар ардоқланган жойда файзу барака барқарор.


Камолат ШАМСИДДИНОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn