Неъматларнинг энг яхшиси
  • 09 Май 2015

Неъматларнинг энг яхшиси

Анвар ота Шомақсудов — Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, устоз журналист. У киши узоқ йиллар Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ишлаган. Отахон тинчлик, фаровонлик, осойишталикнинг қадри баланд эканлигини  ёшлигининг қаймоқ даврида янада теранроқ англаган эмасми, дарсларда ҳам ҳар икки гапининг бирида тинчликнинг бебаҳо неъматлиги ҳақида тўлқинланиб гапирарди. Талабаларни мудом сергакликка, осуда ҳаётнинг қадрига етишга чақирарди.

— Кексаларга бунчалик эъзоз ва эҳтиром кўрсатилгандан кейин одам, албатта, юзга киради-да, болам. Беадад шукрлар бўлсин, болаларим, невараларим, эвараларим ардоғидаман. Бундан ташқари, маҳалладошларим, ҳамширалар, жамоат ташкилотлари вакиллари доимо ҳол-аҳвол сўраб туришибди. Кайфиятимни чандон кўтаришади. Шу маънода, умримнинг энг мазмунли даврини яшаётгандайман, — дейди отахон.
— Шу кунларга етказганига шукр, — дейди сўзини давом эттириб Анвар ота. — Қариндош-уруғларнинг тўй-ҳашамлари, борди-келдиси, маҳалланинг тадбирлари, тўғриси, уларда қатнашсам, кучимга куч қўшилади. Кўрган-билганларимни ҳикоя қиламан. Зора, ёшлар тарбиясида, сал бўлса-да, нафим тегса, ўзимни янада бахтиёр ҳис қиламан.
Отахон билан суҳбатлашиб, зерикмайсиз. Узоқ-яқин хотиралардан гоҳ шодланиб, гоҳи маъюсланиб сўзлайди. Берилиб эшитасиз, устоз — жонли тарихнинг ўзи.
— Эҳ-ҳе, умрим давомида нималарни кўрмадим. Қўлга қурол олиб, оловли уруш майдонига кирганимда 18 ёшда эдим. Ота-онам бағридан чиқмаган содда-баёв бола эмасманми, жанггоҳлардаги манзаралар ҳамон ёдимда. Эсласам, одамнинг юраги увушиб кетади. Қўйинг, буларни гапириб ўтирмайлик. Бугунни куйламоқ керак. Тинч, осуда ҳаётимизни қанча қадрласак, шунча оз.
Дарҳақиқат, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида ёши улуғ инсонларга ғамхўрлик кўрсатиш ва эътиборни кучайтириш, уларнинг ҳаёт даражаси ҳамда сифатини янада ошириш, 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланиб, ҳаётга изчиллик билан татбиқ этиб келинаяпти. Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 19 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини “Иккинчи жаҳон урушидаги ўалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига кўра, Анвар отага ҳам юксак ҳурмат ва эътибор кўрсатилди. — Бундай эъзоз ва шараф учун Президентимизга мингдан-минг раҳмат, — дейди отахон.
Кўз тегмасин, Анвар ота ҳамон тетик. Қадди-қомати қирчиллама йигитнинг келбатини эслатади. Салмоқли панд-насиҳатлари, жойи келса, чўрткесар сўзлари кишини ўзига маҳлиё қилиб қўяди. Шунинг учун ҳам устознинг ҳузурига ошиқадиганлар кўп. Фарзандлар, набиралар, шогирдларининг бахту камолидан кўнгли тўқ. Боиси, уларнинг барчаси ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топиб, жамиятимиз, она-Ватанимиз равнақи йўлида хизмат қилмоқда.


Дилмурод СОДИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn