Сизга таъзим, сизга эҳтиром
  • 09 Май 2015

Сизга таъзим, сизга эҳтиром

Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғдир. Истиқлол йилларида ушбу қадриятлар янада сайқал топди. Кексаларни эъзозлаш, шу жумладан, уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга эҳтиром кўрсатишга катта эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан “9 май — Хотира ва Қадрлаш куни” деб эълон қилингани, ушбу санани нишонлашга оид ҳужжатлар асосида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари рағбатлантирилаётгани ҳам чуқур ҳурмат ифодасидир.
Шуларга уйғун тарзда Самарқанд вилояти халқ таълими тизимида ҳам мазкур байрамни муносиб ўтказиш, соҳада узоқ йиллар фаолият юритган педагогларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни эъзозлаш, марҳум фахрийларнинг порлоқ хотирасини ёд этиш борасида бир қатор хайрли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида бўлиб ўтган тадбирда тинчлик ҳамда осойишталикни мустаҳкамлаш, шундай дориламон кунларга етишимизга катта ҳисса қўшган нуроний отахону онахонларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
“Жасорат, бурч, матонат” шиори остида ташкил этилаётган бундай тадбирлар доирасида таълим масканларида “Тинчлик дарслари” ўтказилди. Мазкур машғулотларда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари ёшларнинг билим олиши учун яратилган шароитлар билан танишишди. Ўзларининг ёшлик йиллари, уруш даври ва ундан кейинги ҳаёт машаққатлари, турмуш қийинчиликлари ҳақида сўзлаб беришди. Ўз навбатида, ёшларга бугунги тинч ҳамда осойишта ҳаётимизни қадрлаш, уни авайлаб асраш фарзандлик бурчи эканлигини уқтиришди.
— Сана муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар, ижодий кечалар, давра суҳбатлари ёшларимиз маънавиятини янада бойитишга хизмат қилмоқда, — дейди Самарқанд вилояти халқ таьлими бошқармаси бошлиғи Азамат Умаров. — Шу билан бирга, “Камолот” ва “Камалак” сардорлари, ўқувчиларимиз Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиб, уй-рўзғор юмушларида кўмаклашишмоқда, уларни байрам билан табриклашаяпти. Болалар мусиқа ва санъат мактабларида  “Тинчлик наволари” номли концерт дастури намойиш этилди. Шунингдек, ўқувчи-ёшлар билан вилоятдаги тарихий музейларга, Хотира майдонларига саёҳатлар ташкил қилинди.
Тадбирда уруш қатнашчилари, соҳада кўп йиллар фаолият юритган фахрийларга эсдалик совғалари улашилди. — Юртимиз тинч, турмушимиз фаровон, — дейди қўшработлик уруш ва меҳнат фахрийси, 90 ёшли Тошпўлат ота Аҳадов. — Фарзандларимиз камолга етиб, ҳар соҳада юртимиз тараққиётига ҳисса қўшаётганидан қувончимиз чексиз. Бундай дориламон кунлар ҳар биримизни шукрона айтиб яшашга ундайди.


Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Бебаҳо қадрият Неъматларнинг энг яхшиси »