«Юксак маънавиятли авлод»
  • 09 Май 2015

«Юксак маънавиятли авлод»

Бухоро ва Навоий шаҳарларида ана шу номда ёшлар фестивали бўлиб ўтди. Республика Маънавият тарғибот маркази томонидан ташкил этилаётган анъанавий “Юксак маънавиятли авлод” фестивали юртимиз ёшларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Президентимизнинг 2006 йил 25 августдаги “Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга қаратилган ушбу тадбирнинг Бухоро вилояти босқичи фикримизни яна бир карра тасдиқлади.

Ёшлар фестивалининг шаҳар ва туман босқичларида 17 минг нафарга яқин ўғил-қизлар иштирок этди. Навбатдаги босқичда эса улардан салкам 300 нафари ўз иқтидори, билими, касб маҳоратини синовдан ўтказди. Иштирокчилар орасида умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабаларини  учратиш мумкин эди.
Бу ёшлар “Президентимиз асарлари билимдони”, “Ватан куйчиси”, “Энг иқтидорли ҳунарманд” каби жами саккизта номинация бўйича ижодий баҳслашди. — Фестивалнинг “Ўз асарида миллийликни акс эттирган дизайнер” номинациясида қатнашдим, — дейди Бухоро муҳандислик-технология институти талабаси Лайло Ражабова. — Коллекциямдаги миллий либослар адрасдан тайёрланган бўлиб, уларда қуроқчилик услубидан фойдаланганман. Шу йўл орқали либослар дизайнига ўзига хослик бағишлашга интилдим. Ушбу тадбир мен каби ёшлар ижодини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади, деб ўйлайман. У бизни миллий қадриятларимизни асраб-авайлашга, ижодий изланишга ундайди.
Дарҳақиқат, мазкур фестиваль ўғил-қизларнинг иқтидорини юзага чиқариш, салоҳиятларини намойиш этиш, пировардида уларни юксак маънавиятли авлод сифатида тарбиялашда алоҳида аҳамият касб этаяпти. Тадбирда ғолиб деб топилган 24 нафар иштирокчи фестивалнинг республика босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилади.


Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

* * *

Навоий шаҳрида ҳам ўтказилган ушбу фестивалда вилоятнинг барча туман ва шаҳридан иқтидорли йигит-қизлар иштирок этди. Анжуманда 14 ёшдан 25 ёшгача бўлган эртамиз эгалари “Президентимиз асарлари билимдони”, “Мустақиллик тарихи билимдони”, “Бадиий ижод”, “Энг иқтидорли ҳунарманд”, “Ўз асарида миллийликни акс эттирган рассом”, “Ўз асарида миллийликни акс эттирган дизайнер”, “Ватан куйчиси”, “Юксак маънавиятли авлод” номинациялари бўйича ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Шунингдек, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ҳамда олий ўқув юртлари талабалари иштирокида ташкил этилган кўргазмада ёш рассомлар, зардўзлар, кандакорлар, каштачилар томонидан яратилган халқ амалий санъати намуналари намойиш қилинди. Фестивалда барча номинация бўйича 24 нафар ғолиб аниқланди. Энди улар республика босқичида қатнашишади.
— Мен миллий қаҳрамонларимиз сиймолари акс этган қўғирчоқлар ясаш билан шуғулланаман, — дейди “Энг иқтидорли ҳунарманд” номинацияси ғолиби, Навоий давлат педагогика институти талабаси Назокат Каримова. — Тажриба орттиришимда ёшлар ўртасида ўтказилаётган бу каби танловларнинг аҳамияти катта бўлмоқда.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
(Муаллиф олган сурат).

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn