Инсон қадри улуғланган юрт
  • 08 Май 2015

Инсон қадри улуғланган юрт

Бу йил 92-баҳорни қаршиладим. Дилимда жуда кўп гапларим бор. Уларни қоғозга туширишга неварам ёрдам берди, таҳририятга жўнатаяпмиз. Маъқул келиб, газетангизда чоп этсангиз, кўнглим тоғдек кўтариларди...

Ажойиб юртда, тинчлик-омонликда яшаяпмиз. Кўз тегмасин, бунга ҳар қанча шукрона қилсак арзийди. Аввало, инсон қадри улуғ. Давлатимиз кексаю ёшга бирдек эътиборда. Ёшлар учун чиройли мактаблар, лицей ва коллежлар, спорт мажмуалари қурилган. Болажонларнинг, йигит-қизларнинг юриш-туриши, одобини айтмайсизми?! Ҳавасингиз келади.
Биз, кексалар роҳат-фароғатда яшашимиз учун барча шарт-шароит яратиб берилмоқда. Қаерга бормайлик, давраларнинг тўридамиз, маҳалла-кўй, қўни-қўшни яхши кунларига таклиф этади. Бундай иззат-икромдан ўзингни худди яна яшариб бораётгандек ҳис қиларкансан. Дарвоқе, баъзида мендан “Неччига кирдингиз?” деб сўраб қолишади. Шунда мустақиллигимиз ёшини айтаман. Жавобимни эшитганлар мийиғида кулиб, уни ҳазил сифатида қабул қилишади. Лекин аслида ҳам бежиз бундай демайман. Биз айнан истиқлол туфайли гўё қайтадан туғилдик, қадр, эътибор, эҳтиром тушунчаларини дилдан ҳис қилдик. Бугун бахтли ва фаровон ҳаёт кечираяпмиз. Мана, ҳар йили Хотира ва Қадрлаш куни юртимизда катта байрам сифатида нишонланади. Ушбу қутлуғ санада бизларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилиб, ўтганлар руҳи хотирланади. Бу гал Президентимиз Фармонига биноан “Иккинчи жаҳон урушидаги ўалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали ҳамда пул мукофоти билан тақдирландик. Бундан жуда хурсандмиз.
Турмуш ўртоғим билан етти фарзандни эл-юрт корига ярайдиган инсонлар этиб тарбияладик. Ҳозир невара ва эвараларим ардоғидамиз.
ўайратим ҳеч қўймайди. Кўчаларимиздаги ўзгаришларни ўз кўзим билан бориб кўрсам, дейман. Мана, яқинда Термизни айландик. Гўзал бино ва иншоотлар, кўм-кўк майсазорларни кўриб, фаввораларнинг шовуллаб турган овозидан руҳим енгил тортди. Ён-атрофдаги янгиланишлардан ҳайратландим.
Албатта, буларнинг барчаси — истиқлолимиз, тинч ва осуда ҳаётимиз меваси. Бундай ёруғ кунлар ўз-ўзидан келгани йўқ! Шу боис Президентимиз ҳар бир чиқишида тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиш керак, дейдилар. Ёш авлод тарихни чуқур ўрганиши, бу кунларга осонлик билан эришилмаганлигини тушуниб етиши зарур, деб уқтирадилар. Ҳар гал бу гапларни эшитиб, жуда таъсирланиб кетаман. Ахир ўз ўтмишини билган халқнинг эртаси ёруғ бўлади-да. Бундай элнинг фарзандлари кексаларига ҳурмат, кичикларига иззат кўрсатади.

Хўжаёр ЭЛМУРОДОВ,
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси.
Шўрчи тумани

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn