«Ўзбекистоннинг етти мўъжизаси»
  • 08 Май 2015

«Ўзбекистоннинг етти мўъжизаси»

Шу номда ўтказилаётган акция кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Юртимиз сайёҳлик кўлами ва тарихий қадамжолари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи ўн мамлакат қаторида туради. Уларнинг ҳар бири ҳамиша дунё аҳлини ўзига ром этиб келган. Хусусан, Самарқанддаги Регистон мажмуаси, Улуғбек расадхонаси, Бухоронинг кўҳна Арк қалъаси, Сомонийлар мақбараси, Хиванинг Ичан-Қалъаси, Қаршининг Одина, Кўкгумбаз обидалари, Шаҳрисабзнинг Оқсарой маданий ёдгорлиги, Қўқон ўрдаси доимо сайёҳлар билан гавжум.
Мустақиллик йилларида Президентимиз ташаббуси билан Абдухолиқ ўиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Ҳазрати Имом сингари улуғ зотларнинг ёдгорлик мажмуалари барпо этилиб, буюк аждодларимиз, азиз авлиёларимиз хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилди. Бугун ана шу мажмуалардан зиёратчилар қадами узилмайди. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.
Қолаверса, қадимий қўлёзма китоблар табаррук заминимизда илм-фан, адабиёт, санъат гуллаб-яшнаганидан ҳикоя қилса, нақшинкор ўйма устунлар, меъморчилик ашёлари, либослар, турли зебу зийнатлар юртимизда ҳунармандчилик жадал ривожланганини яққол ифодалайди. Халқимизнинг ана шундай бебаҳо мероси билан ёш авлодни кенгроқ таништириш уларнинг миллий анъана ҳамда қадриятларга ҳурмат руҳида камол топишларига, аждодларимизга муносиб бўлишга интилиш фазилатларини кучайтиришга хизмат қилади. Бунда замонавий алоқа тизимлари, хусусан, интернет имкониятидан унумли фойдаланиш ниҳоятда долзарбдир. Глобал тармоқда гўзал диёримиз тарихий-маданий ёдгорликлари ҳақида маълумотларнинг кўпайиши Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини юксалтиришга ҳам салмоқли ҳисса бўлиб қўшилиши, шубҳасиз. Шуларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Uzinfocom маркази хайрли ташаббусга қўл урди. Гап шундаки, марказ томонидан “ZiyoNET” порталида “Ўзбекистоннинг маданий мероси” бўлими ташкил этилди. Унда юртимиз бой тарихи, тасвирий ва амалий санъат асарлари, замонавий бунёдкорлик иншоотлари, табаррук қадамжолар ҳақида маълумотлар уч тилда бериб борилади. Ушбу манбани янада бойитиш мақсадида “Ўзбекистоннинг етти мўъжизаси” акцияси эълон қилинди. У кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Акцияда барча иштирок этиши мумкин. Айтайлик, фойдаланувчилар ўз яшаш ҳудудига хос бўлган моддий ва номоддий мерос объектлари ҳақида маълумот, сурат ҳамда видеотасвирларни тармоқдаги “Янги объект таклиф қилиш” махсус шакли орқали жойлаштириш имкониятига эгалар. Таклиф этилган намуналар эса қатнашчилар ҳамда мутахассислар томонидан баҳоланади. Уч босқичдан иборат бўлган лойиҳа якунида энг кўп овоз олган еттита моддий ва номоддий мерос объекти “Ўзбекистоннинг етти мўъжизаси” сифатида танлаб олинади. Улар жорий йилнинг сентябрь ойида ўтказиладиган тантанали тадбирда маълум қилинади.
Пойтахтимиздаги Ўзбекистон алоқа тарихи музейида ташкил этилган анжуманда ана шулар ҳақида батафсил ахборот берилди.
Тадбир доирасида “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида “Бобом, бувим — маҳалламиз фахри” мавзуида энг яхши иншолар танлови ҳам эълон қилинди.

Фазлиддин АБИЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn