Оилаларни мустаҳкамлашда маҳалланинг ўрни
  • 08 Май 2015

Оилаларни мустаҳкамлашда маҳалланинг ўрни

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви томонидан оила институтини мустаҳкамлаш, уни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг устувор вазифаларига бағишланган анжуман ўтказилди.

Тадбирда ҳамкор ташкилотлар вакиллари, пойтахт ва Тошкент вилоятидаги фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда маслаҳатчилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Таъкидланганидек, юртимизда оилаларни мустаҳкамлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, унинг ҳудудий тузилмалари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, шу йилнинг биринчи чораги мобайнида ҳамкор ташкилотлар кўмагида маҳаллаларда эрта никоҳнинг салбий оқибатлари, ажралишларнинг олдини олиш, никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича 75 мингга яқин тарғибот тадбирлари ташкил қилинди. Уларда 4 миллиондан ортиқ киши иштирок этди. Фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги “Ота-оналар университетлари” томонидан ота-оналарнинг ёш авлодни тарбиялаш бўйича ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий ва физиологик билимларини ошириш мақсадида уюштирилган тадбирлар ҳам оилаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда. Шунга мос ҳолда, “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги доирасида муайян чора-тадбирлар амалга оширилди.
Анжуманда фуқаролар йиғинлари диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларнинг шу даврдаги фаолиятига ҳам эътибор қаратилди. Улар томонидан 2,5 миллиондан ортиқ оилаларнинг ижтимоий-маънавий ҳолати ўрганилиб, зарур тавсиялар берилгани қайд этилди. Энг муҳими, бу борадаги саъй-ҳаракатлар натижасида бир қанча оиладаги низоларнинг олди олинди, 50 мингдан зиёд оилаларга моддий ёрдамлар кўрсатилди, 60 мингга яқин кишининг ишга жойлашишига кўмаклашилди. Шу билан бирга, кам таъминланган оилалар фарзандларининг никоҳ ва суннат тўйларини ўтказишда ёрдам берилди. Ушбу мақсадлар учун Фонд ҳисобидан 70 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди.
“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижроси доирасида рўёбга чиқарилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида ҳам сўз борди. Айтиб ўтилганидек, Иккинчи жаҳон урушининг 109 нафар қатнашчисига мамлакатимизда ишлаб чиқарилган телевизорлар топширилди. Хотира ва Қадрлаш куни арафасида яна 400 нафарга яқин уруш иштирокчиси шундай ғамхўрликдан баҳраманд бўлади. “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида 1230 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийси, пенсионер ҳамда ногиронларга уй-рўзғор буюмлари, кийим-кечак маҳсулотлари тарқатилди. 62 нафар ногирон ва боқувчисини йўқотган талабаларнинг эса ўқув-шартнома пулларини тўлашда амалий ёрдам берилди.
Тадбирда ёшлар тарбияси, эрта никоҳ ва оилавий низоларнинг олдини олиш, бу борада Фонд, унинг ҳудудий тузилмалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари олдида турган устувор вазифалар, шунингдек, мутасадди ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, йиғинларда фаолият олиб бораётган жамоатчилик тузилмалари ишини бугунги кун талаблари даражасида такомиллаштириш масалалари таҳлил қилинди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn