Хотира мангу, қадр муқаддас
  • 07 Май 2015

Хотира мангу, қадр муқаддас

Истиқлол йилларида мамлакатимизда кекса авлод вакилларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларни қадрлаш, бой ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланиш мазмун ва моҳият жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.

Хусусан, жорий йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номлангани муносабати билан қабул қилинган Давлат дастурида белгилаб берилган қатор устувор вазифалар нуронийларга бўлган эътибор кўлами нечоғли кенглигини яна бир карра тасдиқлади. Унда ёши улуғ инсонлар, энг аввало, 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини қўллаб-қувватлаш, уларга кўрсатиладиган тиббий ҳамда ижтимоий хизмат даражаси ва сифатини ошириш, муҳтожларни ёрдамчи ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш, туманлар, маҳаллаларда қариялар учун мулоқот марказлари, уларнинг қизиқишидан келиб чиқиб, турли клублар ташкил этиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун шароит яратиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўзда тутилган. Айни пайтда бу борадаги ишлар изчил давом эттирилаётир.
Давлатимиз раҳбарининг “1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисида”ги, “Кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари эъзоз ва эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.
Республика Маънавият тарғибот маркази, Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда ана шулар хусусида атрофлича сўз юритилди. Унда пойтахтимиз ҳамда Тошкент вилоятида истиқомат қилаётган 400 нафарга яқин Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари иштирок этди.
— Бағрикенг ва инсонпарвар юртда яшаймиз, — дейди Қибрай туманидаги Хўжақўрғон қишлоғида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 94 ёшли Қурбонхўжа ота Аъзамов. — Буни бежиз айтмаяпман. Мисол учун, пенсияни вақтида оламиз, санаторийда дам олиб, соғлиғимизни мустаҳкамлашимиз учун кенг имтиёз ва имкониятлар мавжуд. Давлат дастурида жойларда биз учун мулоқот марказлари ҳамда клублар ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилганидан кўнглимиз янаям кўтарилди. Бу биз, кексалар учун катта совға. Ёши ўтган кишининг ўз тенгдошлари билан суҳбатлашгиси, мириқиб ҳордиқ чиқаргиси келади. Ўтказилган тадбирни айтмайсизми: шунча уруш ва меҳнат фахрийларини бир жойга жамлаб, иззат-ҳурмат кўрсатишди. Шуларга бош-қош бўлаётган инсонлар доимо омон бўлсин.
Тадбир доирасида нуронийлар учун дастурхон безатилди. Таниқли санъаткорларнинг куй-қўшиқлари кечага байрамона кайфият бағишлади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Зокир  ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn