Инсон манфаатлари — олий қадрият
  • 07 Май 2015

Инсон манфаатлари — олий қадрият

Қарияларни қадрлаш, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар аҳволидан хабар олиш, ногирон кишиларни ҳар томонлама  қўллаб-қувватлаш халқимизга  хос фазилатлардан ҳисобланади. Бу борадаги эзгу ишлар, айниқса, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида янада кенг қамровда давом эттирилаяпти. Натижада минглаб отахон ва онахонларимиз ижтимоий муҳофазага олиниб, уларнинг саломатлиги мустаҳкамланаяпти.

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш  вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, ногиронларни зарур техник воситалар билан таъминлаш, ўзгалар ёрдамига муҳтож кишиларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, қарияларга ўз саломатлигини тиклашлари учун шарт-шароитлар  яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш мазкур вазирликнинг устувор вазифаларидан ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, айни пайтда вазирлик томонидан ушбу йўналишда муайян ишлар амалга оширилаётир. Хусусан, ўтган даврда туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан 17,5 минг нафардан зиёд ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронлар рўйхатга олинди. Шу билан бирга, маҳаллалар билан ҳамкорликда кўрилган чора-тадбирлар туфайли 4,8 минг нафар ёлғиз ва ўзгалар парваришига эҳтиёжманд пенсионерларга ҳар ойда 9 турдаги маҳсулот бепул тарзда етказиб берилаётган бўлса, бир минг тўрт юздан зиёд ногиронлар реабилитация воситалари билан таъминланди. 
— Бундан ташқари, қария ва ногиронларга патронаж хизматлари кўрсатиш, умуман, тиббий-ижтимоий йўналишдаги ишларимизни кенгайтиришда  бир қатор ташкилотлар билан ўрнатилган алоқалар қўл келаяпти, — дейди вазирликнинг бошқарма бошлиғи Баҳодир Шаропов. — Масалан, шу кунгача  “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди билан ҳамкорликда 852 нафар ёлғиз кексага ана шундай хизматлар кўрсатилди. Рўйхатга олинган ёлғиз қарияларнинг олти мингдан зиёди даволанишга муҳтож деб топилиб, турли тиббиёт муассасаларида ҳамда  уй шароитида ўз соғлиқларини тиклаш имкониятга эга бўлишди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида эса жорий йилнинг уч ойида 600 нафардан ортиқ  кексалар турли санаторийларда саломатлигини тиклашга эришди.
Вазирлик томонидан, шунингдек, янги иш ўринлари яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилаяпти. Жорий йилнинг биринчи чорагида белгиланганидан 4,8 минг нафар кўп, яъни 141,1 минг нафар кишининг бандлиги таъминлангани ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир. Агар мутахассислар томонидан йил давомида жойларда 1092 та меҳнат ярмаркаси ташкил этилишини, аҳолига кўрсатилаётган интерактив хизматларни янада такомиллаштиришга ҳаракат қилинаётганини инобатга олсак, келгусида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайиши, шубҳасиз.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn