Нуронийлар қулайликдан мамнун
  • 07 Май 2015

Нуронийлар қулайликдан мамнун

Президентимизнинг 2014 йил 13 октябрдаги “1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан уруш ва меҳнат фронти фахрийларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, санаторийларда соғломлаштиришни ташкил этиш йўналишларида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, “Касаба уюшмалари — фахрийларга” анъанавий акцияси ўтказилмоқда. Акция доирасида Тошкент вилоятидаги “Ботаника” ҳамда “Бўстон” санаторийларига 100 нафарга яқин отахон ва онахонлар қабул қилинди.
Бундан ташқари, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида кекса авлод вакилларига хизмат кўрсатадиган 15 санаторий-соғломлаштириш муассасасида “Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари” бўлимлари ташкил этилди. Мазкур муассасаларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида зарур чора-тадбирлар кўрилди. Хусусан, “Ботаника” санаторийсида жаҳон андозалари асосида даволаш ва физиотерапевтик даволаш бўлими ишга туширилди, 134 ўринли ётоқхона қайта қурилиб, зарур мебеллар билан жиҳозланди ва бошқа кўплаб бунёдкорлик юмушлари бажарилди. Ана шу мақсадлар учун Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан қарийб 5 миллиард сўм йўналтирилди.
— Барча даволаш хизматини ўз ичига олган замонавий даволаш  бўлимлари, тўрт ва беш қаватли кўркам ётоқхона, 500 ўринли иккита залдан иборат ошхона, кутубхона, маънавият хонаси дам олувчиларга сифатли хизмат кўрсатмоқда, — дейди муассаса директори ўринбосари С. Шералиева. — Янги бўлимнинг очилиши эзгу ва хайрли ишлардан яна бири бўлди. Ҳамма шароитга эга бўлимда фахрийларимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш ва мазмунли ҳордиғини таъминлаш учун барча қулайлик мавжуд. Бўлимдаги ҳар бир хона фахрийлар учун мослаштирилиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Уларга қўшимча ёруғлик мосламаси ҳамда навбатчи шифокор билан тўғридан-тўғри боғланиш имконини берувчи алоқа воситалари ўрнатилди.
Бундай хайрли ишлар “Бўстон” санаторийсида ҳам рўёбга чиқарилди. Бу ерда уруш ва меҳнат фронти фахрийлари бўлими ташкил этилиши баробарида, кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, замонавий коттежлар барпо этилди. Даволаш диагностика бўлими энг замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Муҳими, ушбу қулайликлар ва даволаш усуллари ҳаммага бирдек манзур бўлаётир.
— Бу ерда ўзимни жудаям тетик ҳис этяпман, — дейди Чирчиқ шаҳридан келган 86 ёшли С. Турсунхўжаев. — Сиҳатгоҳда биз учун барча шароит ва қулайлик яратилган. Шифокорларнинг ширинсўзлигини айтмайсизми?! Куни кеча уруш ва меҳнат фронти фахрийларига эсдалик совғалари топширилди. Бундан жудаям хурсанд бўлдик. Мана шундай эзгу ишларнинг бошида турганларга раҳмат.
Мухтасар айтганда, касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, умуман, ёши улуғ инсонларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши ва саломатлигини мустаҳкамлашлари учун барча қулайлик муҳайё қилинмоқда.

З. ХОЛТЎРАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn