Обод юртнинг бахтиёр фарзандлари
  • 06 Май 2015

Обод юртнинг бахтиёр фарзандлари

Навоий шаҳрида мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллигига бағишлаб “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши, вилоят ҳокимлиги ҳамда бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида уюштирилган мазкур тадбирда сенаторлар, депутатлар, олимлар, таниқли ёзувчи-шоирлар, санъаткорлар ҳамда ёшлар иштирок этди.

Акция доирасида ўтказилган анжуманда сўзга чиққанлар юртимизда ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг илм-фан ва касб-ҳунар сирларини пухта эгаллашлари учун кенг имкониятлар яратилаётганини алоҳида таъкидладилар.
— Мазкур фестиваль ёшларни мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда демократик ўзгаришлар билан яқиндан таништиришга хизмат қилади, — дейди “Камолот” ЁИҲ Марказий кенгаши раиси ўринбосари Сарвар  Ашуров. — Шунингдек, тадбир давомида ўғил-қизларни “оммавий маданият” таъсирларидан асраш, уларни ватанпарварлик ҳамда миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган қатор лойиҳалар тақдимоти ҳам ташкил этилди. “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!”, “Сиз севган қаҳрамонлар”, “Оммавий маданият” ва ёшлар маънавияти”,  “Замонамиз қаҳрамонлари” кабилар ана шулар жумласидандир. “Президентимиз асарлари билимдони”, “Иқтидор эгаси — обод юрт эртаси”, “Қувноқлар ва зукколар”, “Заковат” танловлари эса янги-янги истеъдодларни кашф этиш ва рағбатлантириш имконини берди. Фестиваль доирасида вилоятда фаолият кўрсатаётган ёш тадбиркорлар ишлаб чиқарган маҳсулотлар кўргазмаси ҳам  намойиш қилинди.
— Давлатимиз томонидан ёшларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик бизни улкан марралар сари руҳлантирмоқда, — дейди Навоий давлат педагогика институти қошидаги академик лицей ўқувчиси Жасур Абдураупов. — Энг муҳими, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Шу боис эзгу мақсадларимиз рўёби учун бор куч-ғайратимизни сарфлаб, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга интилаяпмиз. Мен ҳам ўтган йили “Менинг бизнес ғоям” республика танловида қатнашиб, совриндорлар сафидан жой олган эдим. Ҳозир ўзим ташкил қилган “Ёш тадбиркор консультатив маркази”да тенгдошларимнинг тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга кўмаклашмоқдаман.
Фестиваль якунида “Энг яхши ҳуқуқ тарғиботчиси”, “Энг яхши маънавият тарғиботчиси”, “Энг яхши соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, уларга ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.
Таниқли санъаткорлар ва эстрада хонандалари иштирокидаги гала-концерт эса барчага байрамона кайфият бағишлади.
Тадбирда Навоий вилояти ҳокими Э. Турдимов иштирок этди.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn