Нуронийларга иззат-икром кўрсатилди
  • 06 Май 2015

Нуронийларга иззат-икром кўрсатилди

Кексаларни эъзозлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш, ҳурматини жойига қўйиш — халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган, маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган фазилат. Жорий йилда бу борадаги саъй-ҳаракатлар кўлами янада кенгайди.

Хусусан, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида нуронийларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, уларга моддий ҳамда маънавий кўмак бериш, ёши улуғ инсонлар, айниқса, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, пенсия таъминоти, тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, ёшларни халқимизнинг кўп асрлик қадрият ҳамда анъаналари руҳида камолга етказишда уларнинг иштироки, ролини ошириш каби вазифалар белгилаб олинган. Ҳозир мазкур йўналишларда салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Бунда нафақат давлат идоралари, айни чоғда жамоат ташкилотлари, жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам фаоллик кўрсатаётгани эътиборлидир.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви ва унинг Тошкент шаҳар бўлими томонидан пойтахт ҳокимлиги билан ҳамкорликда 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан ўтказилган акция бунга бир мисолдир.
“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четдан қолмасин!” шиори остида ташкил этилган мазкур тадбирга пойтахтимиз ва вилоятларда истиқомат қилаётган 100 нафарга яқин Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ҳамда меҳнат фронти фахрийлари қамраб олинди. Саёҳат давомида улар истиқлол йилларида Тошкент шаҳрида барпо этилган муҳташам иншоотлар, муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларни томоша қилишди.
— Нуронийларни эъзозлаш Президентимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда, — дейди пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги “Шофайзибоғи” маҳалласида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 96 ёшли Абдувосиқ ота Абдуллаев. — Биргина мисол: жорий йилда кекса авлод вакиллари, энг аввало, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари қўллаб-қувватланиб, уларга кўрсатилаётган тиббий ҳамда ижтимоий хизмат даражаси ва сифати оширилаётгани, туманлар, маҳаллаларда қариялар учун мулоқот марказлари, турли клублар ташкил этилаётгани, жисмоний тарбия ҳамда спорт билан шуғулланишлари учун шароит яратилаётганини кўриб, кўнглимиз тоғдек кўтарилмоқда. Бугунги саёҳат ҳам шу эзгу ишларнинг амалий ифодаси бўлди. Ушбу саъй-ҳаракатлар бошида турган инсонлар доимо соғ бўлсин.
Тадбир доирасида таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш қилинди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn