Бебаҳо қадриятларимиз ифодаси
  • 06 Май 2015

Бебаҳо қадриятларимиз ифодаси

Истиқлол шарофати билан юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида фидойилик кўрсатган аждодларимиз руҳини хотирлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш, шунингдек, ёш авлод камолотига ўз ҳаётий тажрибаси орқали ҳисса қўшаётган кексаларимиз ҳурматини жойига қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон Қизил Яримой жамияти томонидан пойтахтимизда ўтказилган маънавий-маърифий анжуманда ҳам ана шулар ҳақида сўз борди. “Кексалари эъзозланган юрт” деб номланган тадбирга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан 150 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийси таклиф қилинди.
Таъкидланганидек, Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан кўпни кўрган отахону онахонларимизни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, ёши улуғ инсонлар, айниқса, 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларига ижтимоий, пенсия таъминоти ҳамда тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, ёшларни ўзбек халқининг кўп асрлик қадрият ҳамда анъаналари руҳида тарбиялашда кексаларнинг ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти.
Давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажариш борасида Ўзбекистон Қизил Яримой жамияти томонидан ҳам қатор тадбирлар амалга оширилаяпти. Йил охирига қадар жамият томонидан ушбу мақсадда 500 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтириш кўзда тутилган.
— Ёшлигимизда кўрган қийинчиликларимизни унутиб бўлмайди. Лекин истиқлол шарофати билан бизга шундай ғамхўрлик кўрсатилаяптики, гўё ёшлик хурсандчиликларини энди сураётгандекмиз, — дейди Андижон вилоятида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 91 ёшли Бозорбой ота Муллабоев. — Рўшнолик дегани шу-да. Хотиржамликка, хурсандчиликка етказганига шукр. Кўз тегмасин. Қўлимизни дуога очганда, ёшларимизга насиҳат қилганда, “Бизлар урушни, унинг қийинчиликларини кўрдик, сизларнинг бошингизга ҳеч қачон у кунларни солмасин. Яхши ўқинглар, ўрганинглар, шу юртга муносиб фарзанд бўлинглар”, деб кўп айтамиз.
Тадбир доирасида нуронийлар пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларида бўлиб, мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишишди.

Камолат ШАМСИДДИНОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn