Хотин-қизлар ташаббуси қўллаб-қувватланаяпти
  • 06 Май 2015

Хотин-қизлар ташаббуси қўллаб-қувватланаяпти

Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг мазкур фаолият тури билан эмин-эркин шуғулланишларига зарур шарт-шароит яратиш, илғор ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий-иқтисодий билимини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар опа-сингилларимизнинг жамиятдаги нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Албатта, бу жараёнда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда самарали фаолият олиб борилиб, бир қатор лойиҳалар рўёбга чиқарилаётгани диққатга сазовордир.
Жумладан, 2012 йилдан буён ўтказиб келинаётган “Тадбиркор аёлнинг энг яхши лойиҳаси” танлови ҳам ишбилармон аёллар сафини кенгайтириш, хотин-қизларни иш билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир.
Ўтган йили мазкур танловда ғолиб бўлган 14 нафар аёлнинг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалари ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, уларга 2 миллиард 215 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Айни пайтда Республика Хотин-қизлар қўмитаси томонидан тадбиркорларнинг ушбу маблағлардан мақсадли фойдаланишлари юзасидан доимий мониторинг олиб борилаяпти.
— Лимончилик билан шуғулланиш ниятида иссиқхона ташкил этганмиз, — дейди фарғоналик тадбиркор Фотима Акрамова. — Ўтган йили 4,5 тонна ҳосил олдик. Фаолиятимизни кенгайтириб, сабзавот экинлари етиштириш учун яна битта иссиқхона қурдик. Меҳнат қилган, бир ишга астойдил киришган одамнинг рўзғорида барака бўлар экан. Энди тижорат банки томонидан ажратилган 30 миллион сўмлик кредит эвазига чорвачилик хўжалиги ташкил қилишни мўлжаллаяпмиз. Шу билан бирга, касб-ҳунар коллежларини битираётган ёшлар бандлигини таъминлашга ҳам ҳисса қўшмоқчимиз.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Тадбиркор аёлнинг энг яхши лойиҳаси” танлови ғолиблари фаолияти таҳлилига бағишланган йиғилишда шу йўналишдаги ишлар хусусида атрофлича сўз юритилди. Мулоқот жараёнида ишбилармон аёлларнинг бизнес лойиҳаларини амалга ошириш, бу борадаги мавжуд муаммоларга ечим топиш каби масалалар қизғин муҳокама қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn