Фидойиликнинг юксак эътирофи
  • 05 Май 2015

Фидойиликнинг юксак эътирофи

5 май — “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони ва “Олтин юлдуз” медали, “Мустақиллик”, “Дўстлик” орденлари ҳамда “Жасорат”, “Шуҳрат” медаллари таъсис этилган кун.
Озод ва обод юртда яшаймиз. Истиқлолнинг йигирма тўрт йили тарих олдида қисқа фурсатдек туюлса-да, мамлакатимизда шу даврда асрларга татигулик  ишлар амалга оширилди. Бу йўлда бошқаларга ўрнак кўрсатиб, халқ ва Ватан манфаати йўлида фидокорона хизмат  қилаётган юртдошларимиз меҳнатини муносиб баҳолаш, моддий ва маънавий рағбатлантириш Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган.      

Давлат мукофотлари жорий қилиниб, уларнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан парламентнинг 1994 йил 5-6 май кунлари бўлиб ўтган сессиясида “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони ва олий нишон — “Олтин юлдуз” медали,  “Мустақиллик”, “Дўстлик” орденлари ҳамда “Жасорат”, “Шуҳрат” медалларини таъсис этиш тўғрисидаги қонунлар қабул қилинди.
“Ўзбекистон  Қаҳрамони”  унвонининг таъсис этилиши мамлакатимиз тарихида муҳим воқеадир. Мазкур унвон давлатимизнинг олий даражадаги мукофоти бўлиб, республикамиз фуқароларига, айрим ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахсларга ҳам давлат ва халқ олдидаги қаҳрамонона жасорат кўрсатиш билан боғлиқ хизматлари учун берилади. “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган шахсга “Олтин юлдуз” медали ва унвон берилганлиги тўғрисидаги ҳужжат тантанали равишда топширилади.
Ўтган йиллар давомида ўнлаб юртдошларимиз ана шу олий мукофотга сазовор бўлди. Ўзбекистон Қаҳрамонлари сони турли соҳаларда фаолият юритаётган ватандошларимиз ҳисобига  йил сайин ортиб бораётгани юртимизда инсон шаъни, меҳнати ва қадр-қимматига қаратилаётган беқиёс эътибордан яна бир далолатдир.
Ватанимизнинг юксак мукофотларидан яна бири шону шуҳратимиз, эркин ва фаровон келажагимиз гарови ҳисобланган “Мустақиллик” номи билан аталиши бежиз эмас.
Зеро, мамлакатимизнинг истиқлолга эришиши аждодларимизнинг асрий орзу-умидлари рўёби, халқимизнинг улкан тарихий ютуғи бўлди. Бугун тинч ва осойишта хонадонларимизда нуроний отахону онахонларимиз яхши ниятлар билан қўлларини дуога очиб, эзгу тилаклар айтишаяпти. Демак, бундай юртда тотувлик, фаровонлик барқарордир.
“Мустақиллик” ордени билан мустақил ҳуқуқий давлат барпо этиш ҳамда уни мустаҳкамлашга, республикамизда тинчлик ва тараққиётни таъминлашга қўшган улкан ҳиссалари учун ҳамюртларимиз, шунингдек, Ўзбекистон фуқароси бўлмаган шахслар тақдирланади.
Қонун ҳужжатларида қайд этилганидек, давлат мукофотлари билан айрим ҳолларда юртимизнинг маъмурий-ҳудудий бирликлари ҳам тақдирланиши мумкин. Хусусан, миллий давлатчилигимизни шакллантириш, маданий ва маънавий ҳаётимизни юксалтириш борасидаги улкан хизматлари учун Тошкент шаҳри “Мустақиллик” ордени билан мукофотланган.
Мамлакатимизда юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув ҳаёт кечирмоқда. Барча миллат ва элат вакилларининг тили, урф-одатлари, анъаналари ҳурмат қилиниши, ривожланиши учун шарт-шароитлар яратилган. Миллатлараро тотувлик, дўстлик юртимиздаги барқарорлик ҳамда тараққиётнинг муҳим омилидир.
“Дўстлик” ордени Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ҳамда тотувликни мустаҳкамлаш ишида эришган катта ютуқлари, халқимизнинг бошқа халқлар билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорлигини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган фуқароларни мукофотлаш мақсадида таъсис этилган. Ушбу мукофот соҳиблари орасида нафақат юртдошларимиз, айни пайтда бошқа давлатлар фуқаролари, хорижий элчихона ва ваколатхоналар, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам бор.
Республикамизнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётида, мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатлар ўртасидаги дўстлик, тотувликни мустаҳкамлашда Нукус шаҳри аҳлининг ҳам хизматлари катта. 2003 йилда Президентимизнинг Фармонига мувофиқ, Нукус шаҳри “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.  
Тинч ва осуда ҳаётимизни таъминлашда миллий армиямиз, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг масъулияти юксакдир. Мустақиллик йилларида ҳарбий хизматчилар, миллий хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимларининг республикамиз миллий хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашда, ҳарбий бурчини ёки хизмат бурчини адо этиш вақтида кўрсатган мардлик ҳамда жасоратлари учун “Жасорат” медали билан тақдирланиши йўлга қўйилди.
“Шуҳрат” медали билан эса мамлакатимиз иқтисодиёти, фани ва маданиятини ривожлантиришга, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий истиқлол ва ижтимоий тараққиёт ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга ўзининг ҳалол меҳнати билан катта ҳисса қўшаётган кишилар тақдирланади.
Истиқлол ҳар бир инсонга эл-юрти, яқинлари, фарзандлари бахти учун яшаш, энг муҳими, азиз ва мўътабар Ватани тараққиёти учун меҳнат қилиш имконини берди. Албатта, юрт қадрига етиб, ўз меҳнати, ташаббускорлиги билан фаровон ҳаётимиз барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётган ватандошларимиз доимо қадрланиб, эъзоз топаверади.


Омонулла ФАЙЗИЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn